DW нашрининг ёзишича, акция 29 октябр — Сиёсий қатағон қурбонларини хотирлаш куни арафасида қатор мамлакатларда ташкил этилган. Тадбирнинг расмий сайтида бу йил акция 29 октябр ёки ундан олдин ўтказилган 101 шаҳар рўйхати келтирилган.

Германияда хотира тадбирлари 15 шаҳарда бўлиб ўтган. Улар орасида Берлин, Мюнхен, Гамбург, Кёлн, Бонн, Дюсселдорф, Бремен ва Билефелд ҳам бор.

RFI маълумотларига кўра, Париждаги акцияни «Мемориал Франция» уюшмаси ташкил этган. Иштирокчилар Менилмонтан хиёбонидаги Биринчи жаҳон урушида ҳалок бўлган парижликлар ёдгорлиги олдида тўпланган.

Россияда эса 2020 йилдан буён «Исмларни қайтариш» акциясини ўтказишга расмий рухсат берилмаяпти. Бунга коронавирусга қарши кураш чоралари сабаб қилиб кўрсатилган.

RFI таъкидлашича, 2021 йилда халқаро «Мемориал» жамияти тугатилганидан кейин тарихий хотирани сақлашга қаратилган мустақил ташаббусларга босим кучайган. Шунга қарамай, акция бошқа мамлакатларда давом этган, Россиядаги одамлар ҳам қурбонларни ёдга олиш йўлларини излашда давом этмоқда.

The Insider нашрига кўра, бу йил Россияда «Мемориал» тақиқланганидан кейин илк бор мустақил хотира акциялари ўтказилган. Бундай тадбирлар Иркутск вилояти, Киров ва Великий Новгородда бўлиб ўтган.

30 октябр куни Санкт-Петербург, Челябинск вилоятининг Копейск ҳамда Самара вилоятининг Толятти шаҳарларида ҳам шундай тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Москвадаги Лубянка майдонида жойлашган Соловецк тоши ёдгорлигига Швеция, Чехия, Нидерландия, Полша ва бошқа мамлакатлар дипломатлари келган. RusNews нашрининг маълум қилишича, бу йил АҚШ элчихонасидан ҳеч ким тадбирда қатнашмаган.

«Исмларни қайтариш» акцияси халқаро «Мемориал» жамияти томонидан илк бор 2007 йилда ташкил этилган. Ўша йилнинг 29 октябрида Москвадаги Соловецк тоши олдида тўпланганлар совет давлати томонидан қатағон қилинган, жумладан, отиб ташланган одамларнинг исмларини ўқиб эшиттирган.

Шундан буён қурбонларнинг исмларини ўқиш ҳар йили ҳам бевосита йиғилишларда, ҳам масофавий тарзда ўтказиб келинади. Ташкилотчилар тадбирларни интернет орқали ҳам жонли намойиш этади.

Акция сайтидаги маълумотларга кўра, 2025 йилда «Исмларни қайтариш» тадбирлари дунёнинг 150 шаҳрида бўлиб ўтган.