Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси қонун лойиҳаси жойлаштирилди.

Ер тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қуйидаги асосий принципларга асосланади:

энг муҳим табиий ресурс, фуқаролар ҳаётий фаолиятининг асоси тариқасида ер фондини асраш, тупроқ сифатини яхшилаш ҳамда унинг унумдорлигини ошириш;

ерлардан оқилона, самарали ва белгиланган мақсадда фойдаланишни таъминлаш;

қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерларнинг, энг аввало суғориладиган ерларнинг алоҳида муҳофаза этилишини, кенгайтириб борилишини ҳамда улардан қатъий белгиланган мақсадда фойдаланишни таъминлаш;

қишлоқ хўжалиги ерларининг унумдорлигини ошириш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ҳамда ерларни муҳофаза қилиш тадбирларини амалга оширишни давлат йўли билан ва бошқа тарзда қўллаб-қувватлаш;

ерга ва бутун атроф табиий муҳитга зарар етказилишининг олдини олиш, экологик хавфсизликни таъминлаш;

ердан фойдаланиш шаклларининг хилма-хиллиги, ер муносабатлари иштирокчиларининг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш ҳамда уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя этиш;
 
ер участкаларга бўлган ҳуқуқларни ва ер участкалари юзасидан битимларни давлат рўйхатидан ўтказишнинг мажбурийлиги;

ердан фойдаланганлик учун ҳақ тўлаш;

ер участкаларини ажратиб беришда шаффофликни таъминлаш, уларни қайтариб олиб қўйиш, ердан фойдаланиш мақсадини ўзгартириш, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни чеклаш тўғрисидаги қарорларнинг ошкоралигини ва жамоатчиликнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда қабул қилиш;

ерларнинг ҳолати ҳақидаги ахборотнинг тўлиқ бўлишини ҳамда ундан эркин фойдаланишга йўл қўйилишини таъминлаш.

Ўзбекистон Республикасида ер фонди ерлардан фойдаланишнинг белгиланган асосий мақсадига кўра қуйидаги тоифаларга бўлинади:

1) қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар - қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун берилган ёки ана шу мақсадга мўлжалланган ерлар. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар суғориладиган ва суғорилмайдиган (лалмикор) ерлардан иборат бўлиб, булар ҳайдаладиган экин ерлар, кўп йиллик мевали дарахтзорлар, бўз ерлар, яйлов ерлар ва мелиоратив қурилиш ҳолатидаги ерларга бўлинади;