Ўзбекистон | 16:22 / 14.05.2019
14810
2 дақиқада ўқилади

Бухорода ҳаводан сув олувчи ускуна ўрнатилди

Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги, Исроилнинг “Watergen Ltd.”, Холон технологиялар институти билан ҳамкорликда 14 май куни Бухоро шаҳрида тажриба тариқасида синовдан ўтказиш учун “Gen-350” атмосфера сув генератори ўрнатилди. 

Ҳаво намлигидан фойдаланган ҳолда тоза ичимлик сувини ҳосил қилувчи мазкур ҳаво-сув генератори қурилмаси бир суткада ўртача 900 литргача тоза сув ишлаб чиқаради.

“Watergen” технологияси асосидаги “GENiusTm”, “Gen-350” қурилмалари дунёдаги энг кам энергия сарфловчи ҳаво-сув генератори бўлиб (AWG), у кам қувват истеъмоли билан кўпроқ сув ҳосил қилиш имконини беради. Қурилма, шунингдек, бир нечта тўсиқли фильтр каскадлар орқали ҳавони фильтрлайди.

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов 12 май кунги Исроил давлати делегацияси билан учрашувида ушбу лойиҳа муваффақиятли амалга оширилган тақдирда 2 ойдан сўнг Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида ҳам қурилмани амалиётга татбиқ этиш масалаларини муҳокама қилди. Вазир, шунингдек, келгусида ҳар бир хонадон учун мўлжалланган ҳаво намлигидан фойдаланган ҳолда тоза ичимлик сувини ҳосил қилувчи кичик ҳажмдаги ҳаво-сув генератори қурилмаларини ишлаб чиқишни йўлга қўйиш бўйича таклифлар берди.

Таъкидлаш жоизки, атмосфера ҳавоси намликнинг улкан резервуари ҳисобланади ва ҳатто қуруқ иқлимли ҳудудларда ҳам одатда 1 кв.м. ҳавода 6-10 гр.гача сув бўлади. Иссиқ қуруқ, чўл ҳудудларидаги ерга яқин жойлашган 1 кв. км. атмосфера қатламларида 20 000 тонна сув буғи мавжуддир.

Статистик маълумотларга кўра, дунё аҳолининг бешдан бир қисми сув тақчиллиги муаммоси мавжуд ҳудудларда яшайди. Бундан ташқари, жаҳон аҳлининг тўртдан бир қисми ерости сувлари ва дарёлардаги сувлардан фойдаланиш имкониятини берувчи инфратузилмалар мавжуд бўлмаган ривожланаётган мамлакатларда истиқомат қилади. 

Мавзуга оид