10-13 май кунлари Хоразм вилояти Хива шаҳрида «Ўзбекистон баҳори» II республика анъанавий ижод фестивали бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ва Республика ёш ижодкорлар кенгаши томонидан ташкил қилинган мазкур фестивалда наср, назм, драматургия, журналистика (тележурналистика, газета ва интернет журналистикаси), тасвирий санъат ва фотография йўналишида ижод қилаётган 90 нафар ёш ижодкорлар қатнашди.
Фестиваль икки босқичда: адабиёт ва санъат соҳасининг етук мутахассислари иштирокида маҳорат дарслари ҳамда ижодий ишларни баҳолаш орқали ўтказилди.




«Мазкур фестивални ўтказишдан кўзланган мақсад азалдан илдизи бир бўлган олтита йўналишда ижод қилаётган ёшлар ўртасида дўстлик муносабатини ўрнатиш ва уларга эркин ижодий муҳит яратиш ҳисобланади. Хивада кашф этилган янги истеъдодлар насиб бўлса, ўз соҳаси ривожига муносиб ҳисса қўшадиган ижодкорлар бўлиб етишади», деди Республика ёш ижодкорлар кенгаши раиси Меҳриноз Аббосова Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Тадбир доирасида, шунингдек, иштирокчилар Хива шаҳридаги «Ичан қалъа» тарихий мажмуаси ёдгорликларини зиёрат қилишди ва диққатга сазовор бошқа жойларда бўлишди.

















