Испания Ла Лигасида 88-мавсум тарихга айланди. 

Испания чемпионати. 38-тур
«Эйбар» - «Барселона» - 2:2 (2:2)
Голлар: Кукурелья, 20 (1:0). Месси, 31 (1:1). Месси, 32 (1:2). Де Бласис, 45 (2:2).
«Эйбар»: Дмитрович, Рамис (Альварес, 77), Хосе Анхель, Оливейра, Кукурелья, Хоан Хордан, Эскаланте, Орельяна, Серхио Энрич (Кике, 66), Шарлес (Кардона, 85), Де Бласис.
«Барселона»: Силлессен, Пике, Жорди Альба, Сержи Роберто, Семеду (Ваге, 46), Лангле, Ракитич, Видаль, Бускетс (Аленья, 65), Месси, Малком (Перес, 73).
Огоҳлантиришлар: Рамис, 33. Семеду, 42. Де Бласис, 44. Хосе Анхель, 80. Жорди Альба, 83. Эскаланте, 83.
Ҳакам: Мунуэра Монтеро (Испания).
19 май. Эйбар. «Ипуруа» стадиони.

Бир йил муқаддам кўпчилик янги мавсум «Атлетико»ники бўлиши ҳақида тахмин қилаётган, чунки Европа Лигасида ғолибликни қўлга киритган «матрасчилар» Симеоне ва Гризманни таркибда сақлаб қолишгач, УЕФА Суперкубоги учун баҳсда «Реал»ни яксон этишганди (4:2). «Қироллик клуби» Лопетеги бошчилигида қайта қуриш даврини бошдан кечириши, Римда катта муваффақиятсизликка учраган Вальверде бошчилигидаги «Барселона»да эса тушкунлик кузатилиши кутилганди.

«Реал»да чиндан ҳам қайта қуриш даври бошланди. Аммо Переснинг сабрсизлиги туфайли аввалига биринчи архитектор, кейин иккинчиси ишдан бўшатилди. Шундан сўнг, клуб тарихидаги энг муваффақиятли мураббий ишга қайтарилди - аммо Зидан ҳам мадридликларни қўрқинчи тушдан олиб чиқолмади. Якшанба куни мавсумнинг охирги тури доирасида «Сантяго Бернабеу»да «Бетис»дан учралган мағлубият - мавсум учун ҳақиқий баҳо бўлди. «Реал» мавсумда барча турнирлар доирасида 18 бор мағлуб бўлди (клуб тарихидаги энг ёмон иккинчи кўрсаткич, охирги марта бундай кўрсаткич 1994/95 йилги мавсумда қайд этилган, клуб тарихидаги энг ёмон натижа эса 1984/85 йилги мавсумда кузатилган - 19 мағлубият), Ла Лигадаги 38 учрашувдан 12тасида ютқазди (сўнгги 20 йилликдаги антирекорд), 5 бор дуранг ўйнади, 21 ғалабага эришди ва 68 очко (сўнгги 17 йил ичидаги энг ёмон натижа) билан учинчи ўринда қолди - мадридликлар турнир жадвали пешқадами «Барселона»дан 19 очко ортда қолишди (Бу ҳам антирекорд. Аввалги антирекорд ўтган йили қайд этилган - 17 очко).