Kun.uz таҳририятига Жиззах вилояти, Зомин тумани, Даштобод шаҳарчасида истиқомат қилувчи бир гуруҳ юртдошларимиз 50-умумтаълим мактабида фарзандларининг таълим олишлари учун шароитлар оғирлиги ҳақида мурожаат йўллашди.
Унда мактаб 1973 йилда қурилиб фойдаланишга топширилганидан буён таъмирланмагани, синфхоналар, мактаб атрофи аянчли аҳволдалиги, бу ерда таҳсил олаётган ўқувчилар эски, яроқсиз аҳволга келиб қолган ўқув жиҳозларидан фойдаланаётгани баён қилинган.
Мактабдаги вазият билан яқиндан танишдик. Таълим муассасасига кириб борар экансиз, кириш йўлаклари ўта абгор ҳолдалиги ва ободонлаштириш ишлари ўлда-жўлдалиги, мактаб ҳовлисида бегона ўтлар ўсиб ётгани кишида нохуш таассурот қолдиради.
Биз ҳали шароитлар ҳақида тўхталмадик. Фақатгина бажарилиши маблағ ва кўп вақт талаб қилмайдиган оддий юмушлар.



Нимқоронғу йўлаклар...
1973 йилда 950 ўринга мўлжаллаб қурилган таълим масканида бугунги кунда 1500 нафардан зиёд ўқувчи таҳсил олади. Уларга 95 нафар ўқитувчи таълим беради. Нимқоронғу йўлаклар, синиқ ва «очилса қайтиб ёпилмайдиган эшиклар», мутлақо яроқсиз жиҳозлар, кўринишидан «дунё харитаси»га ўхшаб кетадиган парталар, бир қаватли ойналар, ҳар йили бўялавериб, арчилиб, тўкилиб, шишиб кетган дераза ромлари «эллигинчи йиллар»да ташкил топиб шу кўйи музейга айлантирилган мактаб биносини эслатади.

























