DW хабарига кўра, Суми вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Григоров шаҳардаги турар жойлар ва мактабга тўртта бошқариладиган авиабомба билан зарба берилганини маълум қилган. Икки киши хусусий уйлар жойлашган ҳудудда ҳалок бўлган.
Вилоят полицияси маълумотига кўра, хусусий турар жойлар ҳудудида 3, 6 ва 15 ёшли уч бола яраланган. Камида еттита хонадон зарарланган.
Шаҳар марказидаги мактабга зарба дарслар вақтида берилган. Украина президенти Володимир Зеленскийнинг айтишича, ҳужум пайтида ўқувчилар ва ўқитувчилар паноҳгоҳда бўлган. Жами қарийб 100 киши паноҳгоҳга эвакуация қилинган.
Мактабга ҳужумдан сўнг олти киши, жумладан, уч бола тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Бундан ташқари, Россия қўшинлари Сумидаги марказий қабристонга ҳам авиабомба билан зарба берган. «Суспільне Суми» нашрининг маълум қилишича, ҳужум оқибатида қабрлар зарарланган.

















