13:48 / 21.05.2019
6886

«Челси» Азарни «Реал»га сотишга рози

Фото: Getty Images

«Челси» Эден Азарни «Реал»га 87 млн фунт (100 млн евро атрофида) маблағ эвазига сотишга рози. Лондонликлар клуби аввалига бельгиялик футболчининг трансфер нархини 100 млн фунтдан пастга туширишга қарши бўлиб келишаётганди, аммо Daily Mail нашри тарқатган хабарга кўра, ҳозирда «Челси» уни камроқ нарх эвазига бўлсада қўйиб юборишга тайёр. 

Қайд этилишича, клубнинг ён беришига Азарнинг шартномаси муддати 12 ойдан кейин якунланишидан ташқари УЕФАнинг фейр-плей бўйича қоидалари ҳам сабаб бўлган.

Бундан аввалроқ футболчининг ўзи келажаги бўйича қарор қабул қилгани, янги мавсумни бошқа клубда бошлашини маълум қилганди.

Азарнинг «Челси» билан шартномаси муддати 2020 йилнинг 30 июнига қадар амал қилади ва у янги шартнома тузишга рози бўлмади. Форвард «Челси» сафида 2012 йилдан буён тўп суриб келмоқда. Якунланган мавсумда у Англия чемпионати доирасида 37 ўйинда майдонга тушиб, 16 гол урган ва 15 голга узатма берган.

Эслатиб ўтамиз, «Челси»га вояга етмаган футболчиларни трансфер қилиш ва рўйхатга олиш қоидаларини бузгани учун 2020 йил январига қадар трансферлар тақиқи қўйилган.

Top