Тошкент шаҳрида Атом технологиялари ахборот маркази ўз фаолиятини бошлади. Бу ерга ташриф буюрган кишилар махсус экспонатлар ёрдамида атом технологияларига доир маълумотлардан хабардор қилинади.
Таъкидлаш жоизки, "ВВЭР -1200" реакторларига эга АЭС макети нафақат мактаб ёшидаги болалар, балки катталарда ҳам ҳақиқий атом электр станциясига оид тасаввурни ҳосил қила олади. Бу ерда ядровий иншоотнинг ишлаш тамойили, таркибий қисмлари ва ўзига хос хусусиятлари ҳақида маълумотлар тақдим этилади.

"Ўзатом" агентлиги матбуот хизматидан хабар берилишича, марказ ўз ишини бошлаганидан буён бу ерга атом технологияларига оид билимга эга бўлишни истаган кишилар ва мактаб ўқувчилари ўқитувчилар билан ташриф буюрмоқда.
"Физика ўқитувчиси сифатида айни соҳа нақадар мураккаблигини яхши биламан. Шундай экан, ҳар бир кишига атом ва у билан боғлиқ технологияларни яхшироқ тушуниш имконини берувчи марказ ўз вақтида ташкил этилди. Ўқувчиларнинг кўзида ҳар бир йўналишга бўлган қизиқишни кўрдим, чунки реакторлардаги жараёнлар, ядро энергиясининг тиббиёт ва қишлоқ хўжалигида қўлланилишига доир стендлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Бу ерга бошқа синф ўқувчилари билан ҳам албатта келамиз“ - дейди, 211-мактабнинг физика фани ўқитувчиси Галина Жестовских.
Муқобил энергия манбаалари, инсон ҳаракати натижасидаги 1 дақиқалик қувват ва шу вақт ичида АЭСдан ишлаб чиқариладиган энергия ҳажми бўйича таққословлар ҳам болалар учун янгилик бўлди.

"Биз велосипедда ҳаракатланиб, бир дақиқада олган энергиямизни мобил телефоннинг бор йўғи 60 сония ишлашига сарфлай олар эканмиз. Хонадондаги бошқа электрон воситаларни ишлатиш учун яна қанча ҳаракат керак, тасаввур қиляпсизми? Шу вақтда эса атом электростанциясида 20 мегаватт электр қуввати ишлаб чиқарилар экан. Солиштириб кўрганда, бу – бир неча юз лампочканинг бирдан ёниши дегани экан. Ҳайратланарли фактларга дуч келяпмиз. Бугун биринчи марта 3D принтерни ўз кўзим билан кўрдим. Айтишларича, унинг ёрдамида самолет, космик аппарат, атом станциялари, протез ва имплантлар тайёрланар экан”, - деди мазкур мактаб ўқувчиси Алихон Орипов.















