Россия қўшинлари назоратидаги Запорижжя атом электр станциясида шу ҳафта дронлар билан боғлиқ учта ҳодиса содир бўлди. Бу ҳақда 28 август куни Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) маълум қилди.
Агентлик маълумотига кўра, биринчи ҳодиса 25 август, сешанба куни станциянинг совитиш ҳовузи яқинида юз берган. Унинг оқибатида АЭСнинг икки ходими жароҳатланган.
Эртаси куни, 26 августда станция ҳудудига яна иккита учувчисиз учиш қурилмаси зарба берган.
Дронлардан бири ишлатиб бўлинган ядро ёқилғисини қуруқ сақлаш майдончасида портлаган. Иккинчи дрон эса энергоблоклар тизимига тегишли сув сепиш қурилмасига зарба берган.
АЭХА ушбу ҳодисаларга қарамай, Запорижжя АЭСдаги радиация фони меъёр даражасида сақланиб турганини билдирди.
Агентлик бош директори Рафаэл Гросси ядровий объектларга ҳужумларни «қабул қилиб бўлмайдиган» ҳолат деб атади. У ядровий авария хавфининг олдини олиш учун томонларни яна бир бор максимал даражада ҳарбий вазминликка чақирди.
Запорижжя АЭС 2022 йил апрелидан бери Россия қўшинлари эгаллаб турган Украина ҳудудида жойлашган ва Россия томони назорати остида.
АЭХА баёнотида мазкур дронларни ким учиргани ҳақида маълумот келтирилмаган.





