Минглаб юқори малакали ватандошларимиз чет элда ўқиб, чет элда ишлашяпти. Уларнинг орасида хорижда илмий тадқиқот ўтказаётганлар ҳам, нуфузли илм даргоҳларида ўқитувчилик қилаётганлар ҳам бор. Шубҳа йўқки, бундай – халқаро билим ва тажрибага эга ёшларнинг Ўзбекистонга қайтиши ижтимоий-иқтисодий, демократик ислоҳотлар учун кучли суянчиқ вазифасини ўташи мумкин. Шу билан бирга, бу мамлакатимиз илмий салоҳияти юксалишига хизмат қилади.    

Нега кўплаб ёш олим-ватандошларимиз ўз юртига қайтмаяпти?

Ҳаммаси маошга бориб тақалади, дейиш адолатсизлик бўлади. Ҳа, Ўзбекистонда ойлик маошлар ривожланган давлатлардагига нисбатан анча паст, аммо, бу қанчалик баландпарвоз гап бўлиб эшитилмасин, аксар ёш олимлар учун биринчи ўринда моддий манфаатдорлик эмас, балки ўз ватанида эътироф топиш, билимларини рўёбга чиқариш, илм-фан ривожига, халқ фаровонлиги ортишига, ёшлар тарбиясига ҳисса қўшиш туради.

Мазкур мақола доирасида биз бу, том маънода ачинарли ҳолатнинг сабабларини, хусусан ёш олимларнинг қайтиб келиши йўлида ётган ғовларнинг асоси бўлмиш маъмурий тўсиқларни баён қилишга уринамиз.

Ғовлардан бири – нострификация (эквивалентлигини қайд этиш) 

Мазкур термин билан таниш бўлмаганлар учун: нострификация – хорижда олинган диплом, илмий даража, унвоннинг маҳаллий давлат томонидан тан олиниши. Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ, хорижда олинган диплом, илмий даража, унвон давлат томонидан тан олинмаса ҳақиқий ҳисобланмайди. Бошқача қилиб айтганда, сиз АҚШ ёки Европадаги нуфузли университетда докторлик даражасини олган бўлсангиз, Ўзбекистонга келишга шошилманг – нострификациясиз бу ерда ҳеч қанақа доктор эмассиз.

Нострификация жараёни енгил бўлганида ҳам майли эди. Аммо, ундай эмас. Бу эскидан қолган, мураккаб, ноаниқ, бюрократлашган жараён бўлиб, ёш олимларнинг Ўзбекистонга қайтиши йўлида ётган асосий ғовлардан биридир.

Ҳозирги кунда нострификация Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Олий аттестация комиссиясининг (ОАК) вазифасига киради. Агарда ОАК илмий даражаларни тасдиқлашнинг холис тизими сифатида ўзини кўрсатганда эди, ҳозир муаммо ҳақида гапириб ўтирмаган бўлардик. Аммо, амалда илмий унвон талабгорлари ОАКнинг сабабсиз вақт чўзишига, илмий иш ҳимояси кунини ноаниқ муддатга кўчиришига, кераксиз ҳужжатларни талаб қилишига дуч келишмоқда. Расмиятчилик ва одам ажратиш (субъективлик) – ҳозирда ОАКнинг асосий иш услуби. Бунинг устига ўтказилган сўров коррупция ҳолатларига