Таълим тизимига алоқадор одам борки, «соҳадаги муаммолар нимадан иборат?» деб сўрасангиз, «педагогларнинг ортиқча қоғозбозлик билан бандлиги» , деган жавобни оласиз. Умумтаълим мактабларида жорий этилиши бошланган Kundalik.uz портали айнан шу муаммони бартараф этиш ва бошқа қўшимча имкониятлар орқали таълим сифатини яхшилашни мақсад қилади. Порталнинг имкониятлари ҳақида Халқ таълими тизимида ахборот технологияларини ривожлантириш маркази матбуот хизмати батафсил маълумот берди.

Портал қай тарзда ишлайди?

Facebook ижтимоий тармоғидан фойдаланмаганлар кам топилса керак. Унда кишилар ахборот алмашишлари, турли гуруҳларда муайян мавзу бўйича мулоқот қилишлари, фото, видео каби материаллар базасидан фойдаланишлари мумкин. Тақдим этадиган қулайликларига кўра портал ижтимоий тармоқни эслатади. Унда ўқитувчилар, ўқувчилар, ўқувчиларнинг ота-оналари ва таълим тизимидаги маъмурий органлар вакиллари ўз профилларини яратишлари мумкин. Ва порталда уларнинг ҳар бири учун қулайликлар мавжуд. Хусусан:

Ўқитувчилар журнал, дарс жадвали, ўқув режасидан электрон тарзда фойдаланиши, виртуал конференцияни амалга ошириб, эълонларни ҳам қулай тартибда бериб бориши мумкин.

Педагоглар ўз ўқувчилари ва уларнинг ота-оналари билан оператив мулоқотни йўлга қўя олишади, бошқа ҳудуддаги ўқитувчилар билан тажриба ва материаллар алмашишлари қулайлашади.

Ўқувчилар уй вазифалари, дарс жадвали, баҳолари ҳақида доимий равишда маълумот олиб боришлари мумкин бўлади, кундалик электрон шаклда юритилади. Онлайн тест ва масофавий таълимдан фойдаланиш имконияти мавжуд.

Ота-оналар эса фарзандининг давомати ва ўзлаштиришидан доимий бохабар бўлиб боради. Мактаб раҳбарияти ва ўқитувчилар билан масофавий тарзда мулоқот қила олишлари осонлашади. Фарзандининг таълим олиш жараёни билан боғлиқ воқеалар, унинг қайд этаётган кўрсаткичлари ҳақида маълумот олиб боради.

Таълим соҳасидаги маъмурий идоралар ҳам четда қолишмайди. Улар таълим жараёнини мониторинг қилиш, ҳисоботлар ва ҳужжатларни ягона базадан қийинчиликсиз қабул қилиш, статистик тадқиқотлар олиб боришлари мумкин бўлади.

Портал таълим тизимида нималарни ўзгартиради?

Бир-бирини такрорловчи ҳужжатларни тўлдириш машаққати йўқолади, синф журналлари, қайдномалар, ўқувчилар кундаликларининг барчаси электрон кўринишга ўтади. Педагог, ўқувчи ва ота-она ўртасида интерактив мулоқот учун майдон ҳосил бўлади. Видеодарслар, электрон китоблар, дарс жараёни учун керакли қўшимча адабиётларнинг тўлиқ ва ягона базаси пайдо бўлади. Мобил қурилма ва компьютер ёрдамида интернет орқали исталган вақт ва жойда бемалол фойдаланиш мумкин.