Айни вақтда республика миқёсида маҳалла фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови жараёни давом этмоқда.
Фуқаролар йиғинлари раислари ваколат муддати тугамоқда. Шу муносабат билан Олий Мажлис Сенати қарорига кўра, 2019 йил май ойида фуқаролар йиғини раиси сайлови ўтказиш белгиланди.
Бу галги сайлов 2018 йил 15 октябрда қабул қилинган «Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида»ги қонуни асосида ташкил этилмоқда.
Қонун асосида аввалги сайловлар жараёнига бир қатор ўзгаришлар киритилди. Хусусан, фуқаролар йиғини раиси билан бир вақтда уларнинг маслаҳатчиларини сайлаш тартиби бекор қилинди. Фуқаролар йиғини раиси икки ярим йил муддатга эмас, уч йилга сайланадиган бўлди. Шунингдек, сайловда қатнашадиган вакиллар сони сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар умумий сонининг камида ўн икки фоизини ташкил этиши лозимлиги, фуқаролар йиғини раиси сайлови фақат яширин овоз бериш орқали амалга оширилиши белгиланди.
Kun.uz таҳририятига ушбу сайловлар юзасидан кўплаб мурожаатлар келмоқда. Уларнинг аксариятида сайловларда қонун бузилишларга йўл қўйилгани, сайловни шаффоф ва холис ўтмаганидан шикоят қилинган.
Мазкур мурожаатлар асосида таҳририят мухбирлари ўтказган журналистик суриштирувлар сайтимизда эълон қилиб борилмоқда.
Таҳририятга Каттақўрғон тумани «Каттакўрпа» маҳалласи аҳолиси ҳам шу мазмунда мурожаат қилди.

«Маҳалламиздаги бўлиб ўтган сайловда қонун бузилишларига йўл қўйилди. Вакиллар сони етарли бўлмаса-да, бировнинг номидан овоз бериш ҳолатлари кузатилди. Овоз тўплашда нохолисликка йўл қўйилди. Биз ушбу сайловдан норозимиз ва қонун бузилишига йўл қўйилган деб ҳисоблаймиз», – дейилади бир гуруҳ фуқаролардан келган мурожаатда.
Ушбу мурожаатни жойида ўрганиш мақсадида Каттақўрғон туманида бўлиб, фуқаролар ва фуқаролар йиғини раиси сайловига масъул бўлган мутасаддилар билан суҳбатлашдик.

«Дастлаб сайловга икки номзод кўрсатилган эди. Сайловдаги икки номзод бўйича сайлов бюллетени ҳам чиқарилганди. Аммо сайловга бир кун қолганда учинчи номзод қўшилиб, сайлов бюллетен қайтадан чоп этилган. Учинчи номзод қаердан пайдо бўлганини ҳақида бизга тушунтириш ҳам берилмади. Сайловда айнан шу учинчи номзод сайланди ва шу номзодга овоз бериш ҳақида сайлов жараёнида маҳалладаги ишчи гуруҳ раиси А.Бобоқулов томонидан яширинча тарғибот ҳам қилинди. Овоз тўплашда шу тариқа қонун бузилишига йўл қўйилди. Вакиллар айнан учинчи қўшилган номзодга овоз бериши кераклиги ҳақида огоҳлантирилган», – дейди биз билан суҳбатда мурожаатчилардан бири.























