Адлия вазирлигида Ўзбекистонга хизмат ташрифи билан келган Туркиянинг ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА) экспертлари Фуат Канан ва Билол Озден ҳамда ТИКАнинг мамлакатдаги ваколатхонаси раҳбари Али Исхан Чаглар билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида Туркиядан экспертлар ТИКА билан Адлия вазирлиги ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш, хусусан, Ўзбекистон қонунчилигини такомиллаштириш ва кодификациялаш, Туркиядаги тадбиркорларни Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, инвестицион муҳитни яхшилаш, ўзбек тилида жаҳон юридик ва илмий-амалий адабиётларни ва бошқа соҳаларни нашр этишга қаратилганлиги ҳақида маълумот беришни таклиф қилди.

Ўзбекистон томони қонун ижодкорлиги соҳасида Туркия тажрибасини ўрганиш, қонунчилик ҳужжатларининг таъсирини баҳолаш, қурилиш фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш ҳамда ТИКА томонидан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг янги лойиҳасини ишлаб чиқишда кўмаклашишдан манфаатдор эканлигини билдирди.

Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва ТИКА ўртасида ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишга келишиб олдилар.