Қатор ОАВларда умумтаълим муассасалари таъмирига етарли маблағ ажратилиши, шунга қарамай ота-оналар қўмитаси томонидан мактабга ёрдам бериш учун пул йиғилиши нотўғри эканлиги мазмунида мақолалар эълон этилди. Шу муносабат билан мактаб харажатлари бўйича сметаларини очиқ эълон этиб бориш бўйича иш бошланди.
Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, асосийси мактаб Кузатув кенгаши аъзолари ушбу сметаларда кўрсатилган маблағларнинг қанчалиги ва нима учун сарфланишини яхши тушуниб олиши керак. Шундагина ҳақиқий ҳолатга адолатли баҳо берилади.
Умумтаълим муассасаларини молиялаштириш мамлакат қонунчилиги доирасида бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши керак. Ҳар бир мактаб йил давомида тасдиқланган харажатлар сметаси доирасида маблағ олади. Мазкур маблағнинг асосий қисми мактаб ходимларининг ойлик иш ҳақи ва у билан боғлиқ тўловларига йўналтирилади. Маблағнинг қолган қисми эса коммунал ҳамда алоқа (телефон, интернет) учун тўловлар, мактабни жорий таъмирлаш (ремонт) учун, қоғоз, канцелярия ва хўжалик моллари, компьютер техникалари, китоблар хариди ва бошқа турли тегишли харажатларга ажратилади, бу каби харажатлар – Бошқа харажатлар деб номланади.
Мактаб учун зарур бўлган қурилиш материаллари сметанинг “товар-моддий захиралар” бандида ажратилган маблағдан олиниши мумкин, шунингдек ушбу банд доирасидаги маблағлардан канцелярия ва хўжалик моллари ҳам олинади.
Тошкент вилояти, Олмалиқ шаҳридаги мактабларда товар-моддий захиралар учун 2 млн.дан 11 млн. сўмгача маблағ ажратилган, шу билан бирга умуман бу мақсадларга пул ажратилмаган мактаблар ҳам мавжуд.
Мактабларга бюджетдан етарлича маблағ ажратилган, деб таъкидлаётганлар учун смета харажатларини соддароқ кўрсатадиган бўлсак, бюджетдан мактаб учун қурилиш материаллари (краска, эмульсия, шпаклёвка ва ҳ.к.), канцелярия ва хўжалик молларини харид қилиш учун Олмалиқ шаҳридаги бир ўқувчига йилига ўртача 4 минг сўм, ойига 348 сўм тўғри келар экан. Бир синфда ўртача 35 та ўқувчи бўлса, ойига 12 минг сўмга қанчалик синфни таъмирлаб, керакли жиҳоз ва товарларни харид қилса бўлади?
Бир ўқувчига ўртача қоғоз учун йилига 494 сўм, ойига – 41 сўм ажратилар экан, яъни бир синфга йилига 15 минг сўм, ойига эса 1 200 сўм тўғри келаркан. Бу суммага қанча (ҳозирда бир пачка қоғозни ўртача нархи 32 минг сўм) пачка қоғоз харид қилса бўлади? Мазкур ажратилган маблағ нафақат таълим, балки мактаб маъмурияти ишини ташкил этишга етармикан?
Шу билан бирга, мактабнинг жорий таъмирлаш ишлари (куз-қиш мавсумига мактабни тайёрлаш)га ҳам маблағ ажратилади. Олмалиқ шаҳрида жойлашган мактаблар учун 765 млн. сўм ажратилган, лекин 320 млн. сўм маблағ “Обод қишлоқ, обод маҳалла” дастурига йўналтирилган. Шунда қолган 445 млн. сўм маблағни таҳлил қилсак, бир ўқувчига ўртача йилига 18 минг сўм, ойига – 1,5 минг сўм ажратилар экан. Яъни, бир синфга ўртача йилига 575 минг сўм, ойига эса 47 минг сўм тўғри келади.















