Ўзбекистон Республикаси президенти “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан эълон қилинди.

Қуйидагилар:

2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури;

Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг янгиланган таркиби тасдиқланди.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар икки ой муддатда Давлат дастурининг ҳар бир банди бўйича мақсадларга эришишда самарадорлик индикаторларини ишлаб чиқади ва Идоралараро комиссия билан келишиб олади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарида коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмиталар ташкил этилганлиги қайд қилинди.

Идоралараро комиссия икки ой муддатда коррупцияга қарши курашиш бўйича намунавий тадбирларнинг идоравий дастурини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмиталарига муҳокама қилиш ва келишиш учун киритади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари, туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгашларининг таркибида коррупцияга қарши курашиш комиссияларини ташкил этиш тавсия қилинди, уларнинг зиммасига:

жойларда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ишларнинг ҳолатини комплекс ўрганиш;

жойларда коррупция кўринишлари намоён бўлишига олиб келадиган тизимли муаммолар ва коррупциянинг ҳолати тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмиталарига ушбу соҳадаги фаолиятни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритган ҳолда мунтазам равишда ахборот бериб бориш функциялари юкланди.

Белгилаб қўйилишича:

а) коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ўрта муддатли истиқболда қуйидагилардан иборат:

суд ҳокимиятининг мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, судьяларга ҳар қандай тарзда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш шарт-шароитларини истисно этиш;

давлат хизматчиларини танлов асосида саралаб олиш, лавозимга тайинлаш ва юқори лавозимларга кўтаришнинг шаффоф тартибига асосланган давлат хизмати тизимини шакллантириш, улар учун чекловлар, тақиқлашлар, рағбатлантириш чоралари ҳамда коррупциянинг олдини олиш бошқа механизмларининг аниқ рўйхатини белгилаш;