18:00 / 30.05.2019
7576

«Интер» Спаллеттини истеъфога чиқарди. Янги мураббий номи ҳам маълум

Миланнинг «Интер» клуби жамоа бош мураббийи Лучано Спаллеттини истеъфога чиқарди. Бу ҳақда клуб расман эълон қилди: «Лучано Спаллетти ортиқ «Интер» бош мураббийи эмаслигини расман эълон қиламиз. Клуб Спалеттига қилган ишлари учун раҳмат айтиб, кейинги фаолиятига омад тилайди»,- дейилади баёнотда.

Спаллетти 2017 йилдан буён «Интер»да ишлаб келаётганди. Унинг қўл остида жамоа ўтган мавсум 8 йиллик танаффусдан сўнг Чемпионлар Лигасига чиққан ва жорий мавсум якунида ҳам «Интер» Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга қиритганди.

Спаллетти ўтган мавсум якунида «Интер» билан шартномасини 2021 йилгача узайтирганди, шу боис Милан суперклуби мураббийга мўмайгина компенсация тўлаши кутилмоқда. Бу сумма 25 миллион еврога етиши ҳам мумкин.

Gazzetta dello Sport нашри маълумотига кўра, Антонио Конте «Интер» бош мураббийи этиб тайинланади. Италиялик мутахассис кеча, 29 май куни «нерадзурри» расмийлари билан учрашиб, ҳамкорлик шартлари бўйича якуний келишувга эришган.

Шартнома 3 йил муддатга мўлжаллаб имзоланган. Унга асосан Конте Миланда бонусларни ҳисобга олмаганда йилига 9 млн евро маош олади.

Эслатиб ўтамиз, «Интер» ортда қолган мавсумда А Серияда тўртинчи ўринни олди, Италия кубогини чорак финалдан тарк этди. Жамоа Чемпионлар лигасида гуруҳдан чиқа олмагач, Европа лигаси нимчорак финалида курашни тўхтатди.

Top