Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Жазони ижро этиш муассасаларидан бўшатилган шахслар устидан ички ишлар идораларида маъмурий назорат ўрнатиш ва уни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида”ги буйруққа ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2002 йил 26 февралдаги 51-сон “Жазони ижро этиш муассасаларидан бўшатилган шахслар устидан ички ишлар идораларида маъмурий назорат ўрнатиш ва уни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.

Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган айрим тоифадаги шахслар устидан маъмурий назорат ўрнатиш ва уни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага кўра, маъмурий назорат жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган айрим тоифадаги шахсларнинг турмуш тарзи ҳамда хулқ-атворини кузатиш, улар томонидан жиноят содир этилишининг олдини олиш ва уларда ижобий-ижтимоий дунёқарашни шакллантириш мақсадида суд томонидан 6 ойдан 1 йилгача бўлган муддатга ўрнатилади.

Маъмурий назоратни амалга оширишда ички ишлар органлари Ўзбекистон Республикасининг «Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган айрим тоифадаги шахслар устидан маъмурий назорат ўрнатиш тўғрисида»ги Қонуни ва маъмурий назорат ўрнатиш ҳақидаги суд қарорида кўзда тутилган назорат қоидалари ҳамда белгиланган чекланишларни қўллаш билан бирга назорат остидагиларга нисбатан зарур профилактик ва тезкор тадбирларини олиб борадилар.

Маъмурий назорат ўрнатиш ва амалга оширишда ички ишлар органларининг тегишли хизматчилари қуйидаги асосий вазифаларни бажарадилар:

жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти жазони ўташ даврида маъмурий назорат остига олиниши белгиланган шахсларни жазони ижро этиш муассасасидан бўшатишдан 1 ой олдин уларнинг танлаган турар жойларидаги ички ишлар органларига бўшатилаётган шахсларнинг етиб бориш вақтини хабар қилган ҳолда, судьянинг маъмурий назорат ўрнатиш тўғрисидаги қарорини юборади;

озодликка чиқарилаётган шахснинг баъзи бир сабабларга кўра аниқ борадиган жойи бўлмаса, ҳокимиятлар қошидаги «махсус комиссия»лар ёрдамида уй-жой билан таъминлашга (агар шахс ҳукм қилинмасдан олдин шу туманда яшаганлиги тўғрисида асосли ва далилий ҳужжатлар бўлса), доимий ёки вақтинчалик рўйхатга қўйишга ҳамда ишга жойлаштиришга ёрдам беришни сўраб, шунингдек, ногирон ёки оғир касалликларга (сил, саратон) чалинганларини даволаш масалаларини олдиндан ҳал қилиш тўғрисида ҳокимликларга, ички ишлар ва соғлиқни сақлаш органларига хат юборади.