Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида «Жазони ижро этиш муассасаларидан бўшатилган шахслар устидан ички ишлар органларининг маъмурий назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида Ички ишлар вазирлиги лойиҳаси эълон қилинди.

Жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган шахслар устидан ички ишлар органларининг маъмурий назорати тўғрисидаги қонуннинг янги таҳририга кўра, шахс, жамият ва давлатнинг муҳофазасини таъминлаш ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш мақсадида назорат остидаги шахсларга нисбатан ушбу Қонунда назарда тутилган чеклашларни қўллашдан иборат бўлган тарбиявий-профилактик таъсир кўрсатиш маъмурий назоратнинг асосий вазифалари ҳисобланади.

Маъмурий назорат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қонунийлик, адолат, инсонпарварлик, демократизм, чеклашларни қўллашда дифференциация ва индивидуаллаштиришга риоя этиш ҳамда жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган шахсларнинг қонунга итоаткор хулқ-атворини рағбатлантириш принципларига асосланади.

Маъмурий назорат ўрнатилиши ва амалга оширилиши назорат остидаги шахснинг бошқа ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига путур етказмаслиги, унинг инсоний қадр-қимматини камситмаслиги лозим.

Маъмурий назорат вояга етган қўйидаги шахсларга нисбатан ўрнатилади:

суд томонидан ўта хавфли рецидивист деб топилган шахсларга нисбатан;

ўта оғир жиноятлар учун озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилган шахсларга нисбатан;

тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлар ёки Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 241-1, 244-2-моддаларида назарда тутилган жиноятлар учун озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинган шахсларга нисбатан;

оғир жиноятлари учун озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилган ёки ҳар қандай қасддан қилинган жиноятлар учун икки ёки ундан ортиқ марта ҳукм этилган шахсларга нисбатан – агар улар озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташ даврида сақлаш режимини ашаддий бузувчи деб топилган бўлсалар;

оғир жиноятлари учун озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилган ёки ҳар қандай қасддан қилинган жиноятлар учун икки ёки ундан ортиқ марта ҳукм этилган ёхуд Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига мувофиқ, оғир ёки ўта оғир жиноят ҳисобланадиган қилмишларни содир этганлари учун бошқа давлатлар ҳудудида озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаган шахсларга нисбатан – агар улар жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилганларидан сўнг фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига, жамоат тартибига ёки бошқарувнинг белгиланган тартибига тажовуз қилувчи маъмурий ҳуқуқбузарликларни йил давомида икки ёки ундан ортиқ марта содир этган бўлсалар ёки уларга нисбатан ҳуқуқбузарликларнинг якка тартибдаги профилактикаси чораси сифатида расмий огоҳлантириш йил давомида такрорий қўлланилган бўлса.