Шу кунларда оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда куннинг ёруғ вақтида автотранспорт воситалари чироқларини ёқиб юришга оид жорий этилган қоида бўйича турли баҳс-мунозаралар кечмоқда. Ушбу масалага Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг айрим депутатлари ўз позицияларини билдиришди, унга Адлия вазирлиги муносабат билдиришга ҳам улгурди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Тўлқинжон Каримовнинг ёзишича, Адлия вазирлигининг муносабатидан, айрим ижтимоий тармоқ вакилларининг фикрларидан шу англашиладики, гўёки депутатлар ушбу қоидани киритишга овоз беришган. Аслида бундай эмас. Масаланинг асл моҳияти бошқачароқ.

Фото: O'zLiDeP
Депутатлар томонидан 2016 йил 23 сентябрда қабул қилинган Қонунга мувофиқ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 128-моддасидаги «сутканинг қоронғи вақтида ёки кўриш чекланган шароитларда ёритиш асбобларидан (фойдаланиш қоидаларини бузиш)» деган сўзлар «ташқи ёритиш асбобларидан (фойдаланиш қоидаларини бузиш)» сўзлари билан алмаштирилган. Бундай ўзгартиш ўша пайтда Йўл ҳаракати қоидаларининг 138-бандига куннинг ёруғ вақтида айрим ҳолатларда (жамланма сафида ҳаракатланаётганда, болалар гуруҳини ташкилий ташишда ва бошқалар) яқинни ёритувчи чироқлар ёқилиши кераклиги тўғрисидаги қоиданинг киритилиши билан боғлиқ эди. Бунда Кодекснинг 128-моддаси санкциясидаги жарима жазоси миқдори (энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисми) ўзгаришсиз қолдирилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 апрелдаги 292-сонли қарорига мувофиқ Йўл ҳаракати қоидаларининг 138-бандига ўзгартишлар киритилиб, унда куннинг ёруғ вақтида барча автомототранспорт воситалари яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шарт эканлиги белгилаб қўйилди. Натижада, ташқи ёритиш асбобларидан фойдаланиш қоидаларининг ўзгариши ўз-ўзидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 128-моддаси татбиқ этилишига олиб келди. Яъни, ушбу қоидаларни бузган шахсларга нисбатан тегишли маъмурий жавобгарликни келтириб чиқарди.
Бироқ, бу – депутатлар ташаббуси дегани эмас. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда турли соҳаларда қонун ости ҳужжатлари билан ўрнатилган қоида ва тартибларни бузганлик учун (масалан, эпидемияларга қарши кураш, ов қилиш ёки балиқ тутиш, ер бериш, ўрмон фондидан фойдаланиш қоидалари ва ҳ.к.) жавобгарлик белгиланган. Бунда, қонун ости ҳужжатлари билан белгиланган қоидаларнинг ўзгариши ўз-ўзидан маъмурий жавобгарликка тортишга ҳам таъсир қилади. Қоида ва тартибларнинг кенг қамровлилиги ва ҳажм жиҳатидан катталиги уларни тўғридан-тўғри кодексда батафсил ёритиш имконини бермайди. Шу сабабли, қонун чиқарувчи кодексда қонун ости ҳужжатларидаги қоида ва тартибларга ҳавола қилишга баъзан мажбур бўлади.

















