Ўзбекистон Республикаси президенти “Электротехника саноатини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва тармоқнинг инвестициявий ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ҳужжат билан қуйидагилар электротехника саноатини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгиланди:

ички бозор эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда импорт ўрнини босувчи, энергия тежамкор, арзон ва сифатли электротехника ва электромаиший маҳсулотлар ишлаб чиқариш;

мавжуд хом ашёни чуқур қайта ишлаш жараёнларига илғор технологияларни жорий этиш, юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва диверсификациялаш;

электротехника саноати тармоғи ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари ўртасидаги ўзаро кооперация алоқаларини ривожлантириш ва шу орқали электротехника саноатида ишлатиладиган бутловчи қисмлар ва асбоб-ускуналар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасини ошириш;

электротехника саноати тармоғига сифат менежментининг замонавий усулларини ва халқаро стандартларни жорий этиш, маҳаллий ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни халқаро талабларга мувофиқ сертификатлаштириш тизимини яратиш;

электротехника саноатида янги турдаги истиқболли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишланмаларни ва инновацион ғояларни жорий этиш.

Электротехника саноатини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳи тузилди ва унга қуйидаги асосий вазифалар юклатилди:

электротехника саноатида мис ва бошқа хом ашё қайта ишлашни чуқурлаштиришга, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга кўмаклашиш;

ишлаб чиқарилаётган электротехника ва электромаиший маҳсулотлар таннархини ҳамда уни пасайтириш имконини чеклаётган ҳолатларни таҳлил қилиш, маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш бўйича таклифлар тайёрлаш;

тармоқ ва тармоқлараро кооперацияни ривожлантириш, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ишларини ташкил этиш;

электротехника саноати тармоғига, шу жумладан маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг технологик жараёнларига инновацион ишланма ва технологиялар жорий этилишини таъминлаш;

“Йўл харитаси”да назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли амалга оширилиши юзасидан тизимли мониторинг ўрнатиш;