Ўзбекистон | 13:25 / 03.06.2019
17565
2 дақиқада ўқилади

Оҳангарондаги маиший чиқиндилар полигони тўлиб қолган — Президент экология муаммолари ҳақида гапирди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятидаги ижтимоий ва коммунал соҳаларга оид масалаларга алоҳида эътибор қаратди.

«Вилоятда аҳолининг 64 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминлангани жиддий муаммо. Амалда бу кўрсаткич 40-50 фоиз даражасида. Бўка, Қуйи Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ, Юқори Чирчиқ туманлари ва Нурафшон шаҳрида 30 фоизга ҳам бормайди. Сизлар кабинетда қандай ўтирасизлар?», дея Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини келтирмоқда президент матбуот хизмати.

Бу муаммони ҳал этиш мақсадида жорий йилда 440 километр ичимлик суви тармоқлари ва 301та сув иншоотида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиши режалаштирилган. Осиё тараққиёт банки иштирокидаги қиймати 144 миллион долларлик лойиҳанинг биринчи босқичи доирасида қурилиш ишлари бошланган.

«Вилоятда долзарб бўлган яна бир муаммо экология билан боғлиқ. Тошкент шаҳридаги маиший чиқиндилар ташланадиган Оҳангарон туманидаги полигон 98 фоизга тўлган. Шунинг учун бу полигонни ёпиб, янгисини қуриш керак. Бу экология тозалиги, аҳоли саломатлиги учун муҳим масала», - деган давлат раҳбари.

Умумий ўрта таълим ва соғлиқни сақлаш тизимлари, ички йўллар билан боғлиқ муаммоларни ҳам тезкор ҳал қилиш бўйича топшириқлар берилди.

Мавзуга оид