Сиз давлат идорасида ишласангиз ва қонуний ҳуқуқларингиз бузилаяпти, деб ҳисобласангиз, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига мурожаат қилишингиз мумкин. Вазирлик, шикоятни ўрганиб чиқиб, керакли чораларни қўллашини билдирди. Бироқ, вазирлик раҳбари Шерзод Қудбиевга кўра, шу кунгача вазирликка давлат идораси ёки ходимидан ўзларининг меҳнат ҳуқуқи бузилаётганига доир бирорта шикоят келиб тушмаган.

Шерзод Қудбиев Kun.uz мухбирининг «давлат органларида иш берувчи ва хизматчи ўртасидаги меҳнат муносабатлари қачон тартибга солинади? Яъни, кўп ҳолларда, биз билан суҳбатлашган давлат хизматчилари ишдан чарчаганликдан, белгиланган меъёрдан ҳаддан ортиқча ишлаётганларидан нолишмоқда. Мисол учун дейлик, ҳокимларнинг ҳам дам олишга, шахсий ҳаёти бўлишига ҳақи бор», - деган саволига қуйидагича жавоб берди.
«Иш тартиби борасида мутлақо ҳақсиз. Биласизми биз бошқа ҳамкасблар билан ҳам бу масалани тартибга солиш бўйича...(фикр алмашамиз, муҳокама қиламиз – таҳр.). Бутун дунёда давлат органлари ва давлат хизматини мувофиқлаштирувчи орган бор. Бизда ҳам давлат дастури доирасида унинг лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган. Адлия вазирлиги билан биргаликда қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, Президент администрациясига топширганмиз.
Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилиши керак. Бу агентлик давлат хизматларини мувофиқлаштириш билан шуғулланади. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги давлат хизматини мувофиқлаштирувчи орган эмас. Биз бандлик ва меҳнат муносабатларини мувофиқлаштирамиз. Меҳнат муносабатлари деганда иш берувчи ва ходим ўртасидаги муносабат тушунилади. Бизга қачонки шу масалада иш берувчи ёхуд ходим томонидан мурожаат келиб тушсагина эътибор қаратамиз. Ҳозирча, вазирликка бирорта давлат органи ёки ходимларидан “бизнинг ҳуқуқимиз поймол бўлмоқда” деган мурожаат келиб тушмаган. Агар шикоят келиб тушса ва тасдиқланса, ўша давлат органи раҳбари қонунчиликда белгиланган тартибда жазога тортилади».
Шу ўринда, вазирнинг «бирорта мурожаат тушмади», деган фикрига бир таклифни илгари суришни мақсадга мувофиқ ва фойдали деб ўйлайман. Аслида бу ривожланган мамлакатлардаги мавжуд амалиёт. Яъни иш берувчи ва ходимлар ўртасидаги муносабатни аниқлаш, ходимларнинг ўз ишлари ва ташкилотдаги муҳит ва муносабатдан қониқиш ҳосил қилаётгани ёки йўқлигини билиш жуда ҳам осон. Бунинг учун шикоят келиб тушишини кутиш шарт эмас, назаримда.
Давлат меҳнат инспекцияси танланган давлат идорасида аноним тарзда сўров ўтказиши лозим ва унинг натижаси бўйича иш юритиши, керакли чораларни кўриши, давлат идораси раҳбариятига меҳнат муносабатларини қонунда белгиланган тартибга келтириш хусусида тушунтиришлар бериши ёки лозим бўлганда чоралар кўриши яхши самара берган бўлар эди. Бундан ташқари, бу каби сўровларни ахборот-коммуникация технологиялар ва инновацион ечимлардан фойдаланган ҳолда онлайн тарзда мунтазам ўтказиб туриш яхши натижа беради.
















