Оғир мавсум, ўйиндаги муаммолар ва мураббийлар қўнимсизлигидан кейин «Реал» ёзги трансферлар ойнаси очилишини сабрсизлик билан кута бошлади. Флорентино Перес буткул ҳалокатга йўлиқмаслик учун Зинедин Зиданни қайтарди ва янги футболчилар харид қилиш учун карт-бланш тақдим этди. Le Parisien нашри маълумотига кўра, Мадрид клуби раҳбарияти ёзги трансферлар учун 600 миллион евро ажратган.

«Реал» бу пулларнинг бир қисмини трансферлар дарчаси очилишидан олдин сарфлаб бўлди: «Порту»дан 21 ёшли ҳимоячи Эдер Милитао (50 миллион евро) ва «Сантос»дан 18 ёшли вингер Родриго (45 миллион евро) харид қилинди. Аниқки, бу ёш бразилияликлар испан грандининг «иштаҳаси»ни қондира олмасди. Шу кунларда «Айнтрахт»дан 21 ёшли сербиялик ҳужумчи Лука Йович «Реал»га келиши эълон қилинди. ОАВ маълумотига кўра, «Қироллик клуби» бу трансфер учун 60 миллион евро тўлайди.

Яқин вақтларда Мадрид клуби яна бир неча шов-шувли трансферларни амалга ошириши кутилмоқда.

Эден Азар («Челси»)

Фото: Дмитрий Голубович, «Чемпионат»

«Челси» етакчиси ўз кумири билан бирлашуви - амалда ҳал бўлган масала. Азар бир неча йилдан буён тинимсиз равишда «Реал»га симпатиясини яширмай келади. Ниҳоят унинг орзуси ушалмоқда. Лондон клубида 7 йилдан буён тўп суриб келаётган бельгиялик ҳужумчининг амалдаги шартномаси кейинги йилда тугайди ва у шартномани узайтирмасликка қарор қилди. Шу туфайли, унинг трансфер қиймати камтаргина - «Реал» уни 110 миллион евро тўлаб (яна 15 миллион евро миқдоридаги бонуслар ваъда қилиб) ўзиники қилиши мумкин. «Челси» эса кетишни истаётган футболчисини ушлаб ўтирмай, уни кейинги йил текинга қўйиб юборгандан кўра бу йил сотишга рози бўлади. 

Нима бўлган тақдирда ҳам Азарнинг трансфери - «қаймоқранглилар» учун катта муваффақият. Шунча йилдан буён Лондон клубида барқарор ўйин кўрсатиб келган бу футболчи «Реал»да ўзини кўрсата олмаслигига ишониш қийин.

Кристиан Эриксен («Тоттенҳэм»)

​​​​​Фото: Giuseppe Maffia/NurPhoto via Getty Images

Эриксен бўйича музокаралар эса «Реал» учун у қадар осон кечмаяпти. Ўзининг суперхасислиги билан танилган «шпорлар» президенти Дэниэл Леви футболчи учун 100 миллион фунтдан ортиқ маблағ (113 миллион евро) сўрамоқда. «Қаймоқранглилар» эса бунча тўлашга рози бўлишмаяпти. Бундан аввалроқ клуб «шпорлар»нинг 132 миллион евролик талабига (150 миллион евро) рози бўлмаган.