Португалия миллий жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду Миллатлар лигасининг Нидерландияга қарши кечадиган финал ўйини олдидан УЕФА расмий сайтига интервью берди.
– Миллий жамоага қайтишингиз билан дарров гол урдингиз. Таассуротлар қандай?
– Терма жамоада ўйнаш мен учун доим катта шараф. Бу – менинг миллий жамоам, унинг формасини кийиш – улкан фахр. Бундай мусобақада қатнашиш ўзига хос тажриба, унда гол уриш эса – нур устига аъло нур.
– Ёшингиз ўтиб бораётганига қарамай, ҳамон чўққида туришни қандай уддалаяпсиз?
– Ҳамма гап тайёргарликда – менинг ишлаш этикам шунақа. 34 ёш бўлишимга қарамай ўзимни аъло ҳис этяпман. Энг муҳими – сенинг ўй-хаёлларинг. Асосийси мотивация ва бахтни ҳис этиш, йўлдан чалғимаслик. Ҳали футболга етарлича фойда келтира оламан, деб ўйлайман. Ўзимни жуда яхши ҳис этяпман!
– Тез орада Нидерландияга қарши финал бўлиб ўтади. Рақиб ҳақида нима дейсиз?
– Нидерландия миллий жамоаси роса кучли. Жуда яхши ўйин кўрсатишади. Охирги ўйинларини кўрдим. Жамоада жуда зўр ўйинчилар – ҳам ёш, ҳам тажрибали футболчилар йиғилган. Бу жиҳат уларнинг кучини оширади.
– Евро-2006 ва Евро-2016 мусобақаларидан кейин миллий жамоалар миқёсида илк марта йирик турнир финалида ўйнаяпсиз. Бу мусобақага қандай кайфиятда келдингиз?
– Айтиб ўтганимдек, миллий жамоа либосини кийишдан доим фахрланганман. Клубдаги ўйинлар билан солиштирганда бу мутлақо бошқача ҳиссиёт. Бу – бизнинг юртимиз. Оилам Португалиядан, дўстларим ҳам. Португалияда ўсиб улғайганман, шундай экан ўз ватанинг шарафини ҳимоя қилиш – бу ҳисни таққослаб бўлмайди. Ва, албатта, совринлар учун курашиш миллий жамоадаги ўйинларга яна ҳам ўзгача кайфият беради. Евро-2004 ва Евро-2016 ҳам худди шундай кечганди, ҳозир ҳам миллий жамоадаги руҳиятим ўшандай.
Бу – бизнинг учинчи финалимиз. Унда иккинчи совринимизни қўлга кирита олишимизга умид қиламан. Ажойиб натижа бўларди. Менда умид бор – жамоада ҳам. Кайфиятимиз юқори, ўз уйимизда ўйнаймиз. Мухлисларимиз қойилмақом муҳитни яратиб, ўзларидаги ижобий энергияни бизга ҳам кўчиришса керак. Ҳаммамиз биргаликда чемпион бўлиш қўлимиздан келади.

















