18 август куни Осиё футбол конфедерациясининг Куала-Лумпурдаги қароргоҳида Элит Осиё Чемпионлар Лигаси мусобақаси учун қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Фарғонанинг «Нефтчи» ва Тошкентнинг «Пахтакор» клубларининг лига босқичидаги рақиблари маълум бўлди.
Қуръа якунларига кўра, Ўзбекистоннинг амалдаги чемпионлари бўлмиш «Нефтчи» Саудия Арабистонининг биратўла 5 жамоасига қарши ўйинлар ўтказади: «Ал Аҳли», «Ал Ҳилол» ва «Ал Иттиҳод»га қарши уйда, «Ан Наср» ва «Ал Қодисия»га қарши сафарда. Бундан ташқари, уйда Ироқнинг «Эйр Форс», сафарда Эроннинг «Истиқлол» ҳамда «Трактор» клубларига қарши ўйинлар кутмоқда.

Яъни, Айвен Тоуни («Ал Аҳли»), Карим Бензема, Дарвин Нунес, Рубен Невеш («Ал Ҳилол») ва Юсуф Ан-Носирий («Ал Иттиҳод») каби юлдузли футболчилар Фарғонага келиши мумкин.
Ўзбекистон кубоги соҳиби сифатида турнирга йўлланма олган (саралаш босқичи орқали) «Пахтакор» ҳам Саудия Арабистонинг айни шу клубларига қарши ўйнайди: уйда «Ан Наср» ва «Ал Қодисия»га, сафарда «Ал Аҳли», «Ал Ҳилол» ва «Ал Иттиҳод»га қарши. Шунингдек, Тошкентда Эроннинг «Истиқлол» ва «Трактор» клублари меҳмон бўлади, тошкентликлар жамоаси «Эйр Форс»га қарши ўйин учун Ироққа сафар қилади.

Шу тариқа, ўзбекистонлик мухлислар Тошкентда «Ан Наср» юлдузлари – Криштиану Роналду, Садио Мане, Кингсли Коман ва Жоау Феликс, шунингдек, «Ал Қодисия»даги Матео Ретеги, Хулиан Кинионес ва Отавио каби юлдуз футболчилар ўйинларига гувоҳ бўлиши мумкин.
Шу куни Қаршининг «Насаф» клуби ҳам Осиё Чемпионлар Лигаси 2 турнири гуруҳ босқичидаги рақибларини билиб олди. Унга кўра, қаршиликлар А гуруҳидан жой олди. «Аждарлар»га ушбу гуруҳда БААнинг «Ал-Ваҳда», Кувайтнинг «Кувайт СК» ва Баҳрайннинг «Ал-Халдия» клублари рақиблик қилади.

Ҳозирча турнирлар тақвими эълон қилинмади.









