12 июнь ─ Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни сифатида кенг нишонланди. 20 ноябрь ─ Бутунжаҳон бола куни, 1 июнь ─ Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни каби саналар қаторида бу кун ҳам алоҳида нишонланади, демакки, бола ва унинг камол топиши ўзида салмоқли масалаларни жамлайди.

Бола меҳнати Ўзбекистонга бегона тушунча эмас. Айрим муддат далаларда пахта терими мавзусини бола меҳнатисиз айро тасаввур қилинмади. Яқин йилларгача ҳар гал янги ўқув йили бошланиши билан бир хил «спектакл» такрорланарди: мактаб ўқувчилари «мажбурий-ихтиёрий» тарзда пахта кампаниясига жалб этилар, баъзи коллеж ва лицейларда эса терим муносабати билан ҳатто қулф солинарди. 

Шу билан ноябрь охири, декабрь аввалига қадар ─ токи далада бир сиқим пахта қолгунча ўқувчиларнинг таълим олиши ўлда-жўлда аҳволда қолар, сифат кўрсаткичлари ҳам шунга яраша бўларди. Пахта далаларида теримчи ўқувчилар учун яратилган шароит эса алоҳида масала...

Собиқ совет давридан мерос бўлиб қолган бу анъана ўта одатий ҳолга айланиб қолган, «оқ олтин» нинг ўз вақтида териб олиниши ўқувчилар таълимидан устун турадиган масалага айланган эди.

Бутун дунё ҳамжамиятида жиддий танқид нишони бўлган бола меҳнатидан фойдаланиш ҳолатига чек қўйиш бўйича ҳаракатлар Ўзбекистонда 2008 йилдан бошлаб қисман, 2013 йилда эса тизимли тарзда амалга оширила бошланди. Бунга асосий сабаб эса халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистон ҳукуматига болалар меҳнатидан фойдаланмаслик бўйича талаб қўйиши ва теримда бола меҳнатидан фойдаланилгани боис Ўзбекистон пахтасига бойкот эълон қилиниши бўлди.

«Болалар меҳнатига қарши кураш ҳаракатининг илк оқими 2008 йилда бошланган эди. Шу йили Халқаро меҳнат ташкилотининг болалар меҳнатига оид иккита конвенциясини Ўзбекистон ратификация қилди. Ўша пайтда илк бор мустақил мониторинг қилиш учун Халқаро меҳнат ташкилотини Ўзбекистонга киритишга рухсат берилган эди. Ҳукумат органлари бирлашиб болалар меҳнатидан қутулиш бўйича муҳокамалар ўтказилган» , ─ дейилади Бош вазир ўринбосари Танзила Норбоеванинг хорижий нашрлардан бирига берган интервьюсида

Танзила Норбоевага кўра, болаларнинг меҳнатга жалб этилишига асосий сабаб халқнинг бу борадаги салоҳияти пастлиги бўлган. 

«Оилада бола кўп-ку, тераверсин пахтани, онасига қарашяпти-да, деган тушунча бор эди халқда. Лекин бу оғир меҳнат турларига киритилгани тўғрисида ота-оналар ҳатто билишмас эди. Бу оилада болани уриб ишлатиш эмас, билмаслик туфайли ҳам бўлиши мумкин. Лекин тан олиш керак, мактаб ва коллежларда ўқувчиларни олиб кетиш ҳолатлари бор эди. Фермерлар бемалол таълим муассасалари раҳбарларига мурожаат қилиб, келишиб олиб болани теримга чиқартирарди. 2013 йилдан бошлаб Бош вазир кўрсатмасига асосан бунга чек қўйилди» , ─ дея қўшимча қилган Норбоева.