Учрашувда президент раислигида ўтган видеоселектор йиғилишларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда парламент назоратининг мавжуд механизмларидан самарали фойдаланиш муҳимлиги қайд этилди. Сенаторлар ва маҳаллий кенгаш депутатлари жойлардаги муаммоларни тизимли ўрганиб, уларни бартараф этиш юзасидан амалий чоралар кўриши зарурлиги таъкидланди.

Муҳокамаларда ёқилғи-энергетика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, электр ва газ таъминоти барқарорлигини таъминлаш, энергия йўқотишларини қисқартириш, ҳисобга олиш тизимидаги камчиликларни бартараф этиш ҳамда куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Қайд этилишича, соҳада амалга оширилган ишларга қарамай, электр таъминотидаги узилишлар, авариялар сонининг ортиши, энергия йўқотишлари ва ҳисоблагичлар билан боғлиқ муаммолар аҳоли ҳамда тадбиркорларнинг асосли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Шу муносабат билан ҳар бир сенатор ва маҳаллий Кенгаш депутатига бир ҳафта муддатда ўз сайлов округидаги энергетика соҳасидаги ҳолатни жойига чиққан ҳолда ўрганиш, аҳоли билан учрашиш, аниқланган муаммоларни масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этиш ва бу ишлар ижросини доимий назорат қилиб бориш бўйича тавсиялар берилди.

Шунингдек, учрашувда маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, микролойиҳаларни амалга ошириш, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш ва давлат хизматларини аҳолига яқинлаштириш бўйича вазифалар ҳам кўриб чиқилди. Муҳокама якунида президент томонидан белгиланган топшириқларни ўз вақтида ва сифатли бажариш, маҳаллий кенгашларнинг назорат ваколатларидан тўлиқ фойдаланиш ҳамда аҳоли мурожаатлари билан манзилли ишлаш бўйича аниқ йўналишлар белгилаб олинди.