Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси конгрессменлари Жейсон Смит, Грег Мерфи, Ронни Жексон ва Эдвард Кейсдан иборат делегация билан учрашув ўтказди.

Учрашувда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда уни янада ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Томонлар Ўзбекистон Олий Мажлисининг парламентлараро гуруҳи ва АҚШ Конгресси ўртасидаги алоқалар, шунингдек, АҚШ Конгрессидаги «Ўзбекистон бўйича кокус» фаолияти икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим ўрин тутаётганини қайд этди.

Парламент дипломатияси орқали долзарб масалаларни муҳокама қилиш ва ўзаро манфаатли ечимларни топиш ҳамкорликнинг самарали механизмларидан бири экани таъкидланди.

Мулоқот давомида парламентлараро алоқаларни янада фаоллаштириш ва парламент қўмиталари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудлари ва АҚШ штатлари ўртасида тўғридан тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.

Учрашувда савдо-иқтисодий ва инвестициявий муносабатларни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда ўзаро манфаатли инвестициявий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш истиқболлари кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, меҳнат муносабатлари ва гендер тенглик масалаларига тўхталиб ўтилиб, ушбу йўналишларда тажриба алмашиш ва ҳамкорликни ривожлантириш бўйича таклифлар билдирилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги парламентлараро мулоқотни янада мустаҳкамлаш, амалий ҳамкорлик йўналишларини кенгайтириш ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.