Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Абдурашид Абдуқодиров ва Расул Кушербаев пойтахт мактабларида янги ўқув йилидан болаларни 1-синфга қабул қилишнинг янги тизими жорий этилиши муносабати билан бошланган муҳокамаларга қўшилди. Депутат Кушербаев ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида ҳаммуаллифликда ёзилган «Таълимда коррупциянинг олдини олишми ёки така бўлсин, сут берсинми? Нега Конституциямиз ва қонун нормасига зид ҳужжатлар қабул қилинмоқда?» сарлавҳали мақола матнини келтирган.

Ҳаммамиз гувоҳи бўлаётганимиздек, сўнгги вақтларда эълон қилинаётган янги қонун ва қарорлар аҳоли, жамоатчилик ўртасида кенг муҳокамалари бўлиб ўтмоқда. Бунда оммавий ахборот воситалари, жумладан, телевидение, босма нашрлар ва ижтимоий тармоқларнинг ўрни жуда катта бўлаётганини ҳам эътироф этиш зарур.

Энг муҳими, бу каби муҳокамалар жараёнида ҳалқимизнинг билдираётган ҳақли эътирозларига сабаб бўлган ҳужжатлар бўйича, ваколатли давлат органлари томонидан ушбу эътирозларни ўринли деб топиб, тегишли норматив ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилаётгани, албатта, жамиятимизда рўй бераётган ижобий ўзгаришлардан дарак беради.

Лекин, халқнинг эътирозига сабаб бўладиган қарорларнинг қабул қилинишига йўл қўймаслик, аҳолининг бу каби ҳақли эътирозини уйғотадиган қарорлар қабул қилиниши олдини олиш яна ҳам яхшироқ бўлар эди, албатта.

Бироқ....

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 7 июнда эълон қилинган «Болаларни давлат умумий ўрта таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида»ги №-469 сонли қарори кўпчилик фуқароларимизнинг эътирозларига, жамоатчиликнинг қизғин муҳокамаларига сабаб бўлди. Вазирлар Маҳкамасининг қарори юзасидан кўплаб юртдошларимиз, сайловчиларимиз ўзларининг эътирозларини билдириб, ушбу масалада ёрдам сўраб мурожаат қилмоқдалар.

Хўш, ушбу қарорда нималар кўзда тутилган ва эътирозларга нималар сабаб бўлди?

Аввало, ушбу қарорда 2019/2020 ўқув йили учун болаларни давлат умумий ўрта таълим муассасаларига қабул қилиш 2019 йил 20 июндан бошлаб Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали босқичма-босқич жорий этилиши назарда тутилган.

Биринчи эътироз: тегишли мактабга қабул қилиш фақатгина Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали жорий этилиши назарда тутилган. Кўпчиликнинг яшаш манзили эса Давлат хизматлари маркази жойлашган ердан кўра ўша мактабга яқинроқ. Бироқ, нега ўша мактабга яқинроқ ердаги аҳолига асосий квота бўйича ушбу таълим муассасанинг ўзига бориб тўғридан-тўғри мурожаат қилиш имконияти берилмаяпти. Бу ахир, халқнинг яқинини узоқ, енгилини оғир қилиш эмасми?