Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган "Меҳрибонлик уйи тўғрисида"ги Низомнинг 2-бандига кўра, Меҳрибонлик уйи — етим болалар ва ота-онасининг қаровисиз қолган болалар учун давлат тарбия муассасасидир. Афсуски, ҳозирги кунда Меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган болаларнинг ҳаммаси ҳам чин етим ёки ота-онасининг қаровисиз қолган болалар эмас.

Яқинда Олий суд томонидан барча вилоятлардаги Меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган болаларнинг ота-оналари, бобо-буви ва яқин қариндошлари ўртасида тарғибот ишлари олиб борилди. Ушбу жараёнда бу масканларда тарбияланувчиларнинг 80 фоизидан ортиғининг ота-онаси борлиги аён бўлди.

Мисол учун, Қашқадарё вилояти, Қамаши туманида жойлашган 4-сонли Меҳрибонлик уйидаги 108 нафар тарбияланувчининг фақат 15 нафаригина чин етим экан. Қолган 84 нафар боланинг ота-онаси, 9 нафарининг эса, бобо-бувилари ҳам борлиги аниқланди.

Меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган болалар учун давлат томонидан барча шарт-шароит ва қулайликлар яратиб берилган. Лекин ана шу жажжи болакайлардан ҳар бирининг тилига чиқмаса-да, дилининг тубида ётган, кўзларида қалқиб турган бир ўтли армонни ҳам пайқамаслик мумкин эмас. Яъни уларга ҳаммасидан муҳими ота-она меҳридир. Улар доим ота-онасини кутиб, ўз уйида, туғишганлари бағрида яшашни хоҳлайди. 

Шу ўринда суд амалиётида учраган бир мисолга тўхталиб ўтамиз. 

Даъвогар — Навоий шаҳар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими Васийлик ва ҳомийлик органи вояга етмаган Комил Рустамовнинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) манфаатини кўзлаб судга даъво аризаси билан мурожаат қилган. Аризада Комилнинг ота-онаси бўлмиш жавобгарлар — Салим Рустамов ва Роҳила Рустамовани ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш сўралган.

Аниқланишича, Салим ва Роҳила қонуний никоҳдан ўтиб турмуш қурган ва қарамоғида беш нафар фарзанди бор. Улар Васийлик ва ҳомийлик органига ариза билан мурожаат қилиб, 2004 йил 21 июнда туғилган фарзанди Комилни Меҳрибонлик уйига жойлаштиришни сўрашган.

Навоий шаҳар ҳокимининг 2013 йил 4 июлдаги қарорига асосан ушбу ариза қаноатлантирилган. Комил Навоий шаҳридаги Меҳрибонлик уйига жойлаштирилган.

"Меҳрибонлик уйи тўғрисида"ги Низомнинг 13-бандига кўра, Меҳрибонлик уйига кам таъминланган, кўп болали оилаларнинг болалари, фақат отаси ёки онаси бор бўлган болалар ушбу оилаларни бир йилгача муддатда ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида вақтинчалик қабул қилинади. 

Судда иштирок этган эр-хотин Рустамовларга ушбу Низом талаби тушунтирилди. Яъни бола фақатгина бир йил муддатга Меҳрибонлик уйига жойлаштирилгани, шу муддатдан сўнг улар боласини олиб кетиши ва ўзлари тарбиялаши лозимлиги, чунки болага ота-онасининг меҳри зарурлиги уқтирилди.