Бугун, 18 июнь куни Самарқанд вилоят ҳокимлигида вилоят раҳбари Эркинжон Турдимовнинг оммавий ахборот воситалари вакиллари ва самарқандлик блогерлар билан учрашуви бўлиб ўтди. Кўпроқ, матбуот анжумани кўринишини олган мазкур учрашувда Самарқанд шаҳрида қурилиш ва ободонлаштириш соҳасида амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар ҳақида сўз борди. Вилоят ҳокими йиғилганларнинг ва «Фейсбук» тармоғида учрашувини жонли эфирда кузатган фойдаланувчиларнинг саволларига жавоб қайтарди.

«Таклифимизга розилик бериб, келганларингиздан хурсандман. Биз ОАВ ва жамоатчилик билан яқин алоқада бўлишимиз керак. Агар шаффофлик ва очиқлик таъминланса, ишимизда унум ҳам бўлади, барча масалаларга жавоб ва ечим топилади, турли гап-сўзларга ўрин ҳам қолмайди», — деди Эркинжон Турдимов.
«Бугун кўп раҳбарларимиз янгича дунёқараш билан иш олиб боряпти, деб айта олмаймиз. Шунинг учун кўпчилиги журналистлардан қочади, кимдир танқид қилса ўша журналистга ёпишиб олишади. Энди бундай иш юритишдан воз кечадиган пайт келди. Биз топшириқ берганмиз: вилоят ва тумандаги раҳбарларнинг эшиги доимо очиқ бўлиши керак».
Шундан сўнг вилоят ҳокими Университет хиёбонидаги олиб борилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари ҳақида сўз очди.
«Кейинги кунларда Университет хиёбони атрофида турли гап-сўзлар ва муҳокамалар ижтимоий тармоқларда тарқалди. Таъкидлаб айтмоқчиманки, ким қандай фикр билдирганидан қатъи назар, журналистлар ва жамоатчиликка ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Чунки одамлар шаҳар ҳаётига бефарқ эмасликларини намойиш этиб беришди.

Ўзи хиёбонни ободонлаштириш ғояси қаердан пайдо бўлди? Йил бошида биз вилоятимизнинг катта гуруҳини Анқара шаҳрида шу масалада тажриба алмашиш учун жўнатган эдик. Улар Анқаранинг Кечиўрен туманида бўлиб, уларнинг бу борадаги ютуқ ва тажрибасини ўрганиб қайтишди. Кейин Кечиўрендан мутахассислар Самарқандга ҳам келишди ва улар шаҳарни ободонлаштириш, жумладан Университет хиёбони ҳақида ҳам ўз тавсияларини беришди.

1870 йилда барпо этилган, 1050 метр узунликдаги Университет хиёбони Самарқанднинг энг сўлим гўшаси, бизнинг юзимиз. Лекин бу ерда одамлар сайр қилмай қўйишган. Чунки ўтириш учун ўриндиқлар ҳам йўқ. 15-20 йил муқаддам экилган ўтлоқлар ҳануз янгиланмасдан турибди.
Биз узоқ кенгашиб, иш бошлаганимиздан сўнг ОАВ ва ижтимоий тармоқларда турли эскизлар ва расмлар эълон қилина бошланди. Бизга турк дизайнерлари битта хомаки лойиҳа ташлаб беришганди. Ўша сурат билан майдон атрофи ўралганди. Лекин интернетда келиб чиқиши бизга номаълум бўлган 24тача эскизнинг сурати тарқалибди.


















