Ўтган йили, ҚҚС тизими товар айланмаси бир миллиарддан ортиқ бўлган корхоналарга қўлланиши бошланмасдан олдин, бу ҳақида мақола ёзгандим ва бир хил иш билан шуғулланадиган тадбиркорлик субъектларининг турли тизим ва ставкаларда солиққа тортилиши рақобатга таъсир қилиши ва яширин иқтисодиётга олиб келиши мумкинлиги ҳақида ҳам айтиб ўтгандим. Жумладан:

«Аслида солиқ ставкалари ёки тизимларининг ўзгариши ҳақиқий бизнес рақобатида, эркин иқтисодиётда тадбиркорлар учун катта таъсир ўтказмаслиги керак. Чунки бу ўзгаришлар иқтисодиётнинг барча субъектларига таъсир қилади, жумладан рақобатчи корхоналарга ҳам. Натижада, ҳамманинг харажати бир деярли бир хил суръатда ўзгаради ва бу ўзгариш нархлар белгиланишида бир хил акс этади. Бу ерда ютадиган ёки ютқазадиган томон фақат харидор бўлади, холос.

Аммо бизнинг ҳолатимизда бу ўзгаришлар янада оғриқлироқ юз бериши ҳақиқатга яқин бўлиб турибди. Сабаби, ҚҚС тизимига ўтганимиз билан, барибир, «айланма маблағлардан солиқ», яъни «Ягона солиқ»дан буткул воз кечганимиз йўқ. Бир пайтнинг ўзида, бир-биридан кескин фарқ қиладиган икки хил тизимнинг бўлиши вазиятни янада мураккаблаштиради, чалкаштиради.

Бир корхонанинг аввалги ва бугунги кундаги солиқ юкини солиштиришдан кўра, айни бир пайтдаги икки корхонанинг (улар рақобатчи бўлса) икки хил принципда ишлаши нархлар ҳосил бўлишига, рақобатга жиддий таъсир кўрсатади ва балки жуда кўп корхоналарни молиявий қийин аҳволга тушириши, уларнинг рақобатга дош бера олмай қолишига сабаб бўлиши мумкин.

Тасаввур қилинг, айни иш билан шуғулланадиган икки корхонанинг бири ҚҚС, бошқаси «Ягона солиқ» тўласа? Ва ўша соҳа учун ҳисоб-китоблар «Ягона солиқ» бўйича ишлаш солиқ юкини сезиларли даражада камайтиришини кўрсатса? Бири бир йилда 900 миллион, иккинчиси эса, 1,1 миллиард сўмлик айланмага эга бўлса, деярли бир хил иш юритадиган корхоналарда фарқли солиқ юклари бўлиши рақобатни ўлдирмайдими? Ёки баъзи корхоналар белгиланган лимитни сақлаш учун баъзи айланма маблағларни яшириш ёки кейинги йилга қолдиришга уринмайдими? Ёки ҚҚСдан қочиш мақсадида айни таъсисчи томонидан алоҳида ва бир нечта кичик корхоналарга бўлиниш ҳолатлари рўй бермайдими?»,дейилганди.

Ўтган олти ойга яқин вақт мобайнида барчаси амалиётда синалгани ва мана шундай ҳолатлар кузатилгани шубҳасиз. Бу ерда фақат «Ягона Солиқ» ва ҚҚС тўловчиси солиштирилган, аммо аслида «Соддалаштирилган ҚҚС» тизимида ҳам худди шундай фарқлар юзага чиқади.