Ўзбекистонда товар ва хизматлар учун тўловларни нақд пул шаклида амалга ошириш мумкин бўлган чегаравий миқдор оширилди.
2026 йил 1 апрелдан кучга кирган тартибга асосан, қиймати 25 млн сўмдан ошадиган товар ва хизматлар учун тўловларни нақд шаклда амалга ошириш тақиқланган эди.
28 августдан эътиборан, бу чегара базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 баравари деб белгиланди. 1 сентябрдан эътиборан базавий ҳисоблаш миқдори 412 минг сўмдан 440 минг сўмга ошади, шунга мувофиқ, 440 БҲМ – 1 сентябргача 164,8 млн сўм, 1 сентябрдан 176 млн сўмга тенг бўлади.
Ушбу янгилик давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан мулоқотида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан 27 август куни қабул қилинган президент фармонида кўзда тутилган. Фармон 28 августдан кучга кирди.
Айни пайтда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига нисбатан истисно сақлаб қолинмоқда, яъни қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг исталганча қийматдаги олди-сотдисида нақд пул билан тўлов қилиш мумкин.
Шунингдек, муайян товар ва хизматларга ҳар қандай суммадаги тўловларни фақат нақдсиз амалга ошириш тартиби ҳам сақлаб қолинди. Бу товар ва хизматларга қуйидагилар киради:
- давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар;
- электр энергияси, табиий газ, ичимлик сувидан фойдаланганлик учун тўловлар (бундан банк кассалари орқали амалга ошириладиган тўловлар мустасно);
- алкогол ва тамаки маҳсулотлари;
- транспорт воситаларига ёқилғи қуйиш шохобчалари орқали аҳолига нефт-газ маҳсулотларини сотиш ва электрда ҳаракатланадиган транспорт воситаларини зарядлаш бўйича хизматлар;
- кўчмас мулк объектлари, ишлаб чиқарилганига ўн йилдан ошмаган M, N, O ва G тоифага кирувчи транспорт воситалари ҳамда махсус автотранспорт воситалари.









