Ўзбекистонда 2026 йил 15 октябридан 30 ноябрига қадар бизнесни рўйхатга олиш тадбири ўтказилади. Бу ҳақдаги таклифни президент Шавкат Мирзиёев маъқуллади.
“Бугунги кунда кузатилмайдиган иқтисодиёт улуши 23 фоизни ёки 246 триллион сўмни ташкил этмоқда. Қишлоқ хўжалигида умумий айланманинг 60 фоизи ушбу сектор ҳиссасига тўғри келади.
Меҳнат билан банд бўлган 15,2 миллион аҳолининг 6,5 миллиони ёки 42 фоизининг даромадлари расмий ҳисобда тўлиқ акс этмаяпти. Рўйхатдан ўтган кўплаб кичик ва ўрта бизнес субъектлари амалда ишламайди ёки фаолиятини тўхтатган.
Мазкур ҳолат ҳалол ишлаётган ва солиқ мажбуриятларини тўлиқ бажараётган корхоналар учун носоғлом рақобат муҳитини юзага келтирмоқда. Ҳар 4-5 сўмлик иқтисодий айланманинг 1 сўми расмий статистика эътиборидан четда қолмоқда. Ушбу фаолиятни тартибга солиш бюджетга қўшимча ўнлаб триллион сўм тушум таъминлаш ва келгусида солиқ юкини камайтириш имконини беради.
Шу муносабат билан жорий йилнинг 15 октябридан 30 ноябрига қадар бизнесни рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш таклифи маъқулланди”, – дейилади расмий хабарда.
Қайд этилишича, бизнесни рўйхатга олиш доирасида мамлакатда фаолият юритаётган барча иқтисодий бирликлар хатловдан ўтказилиб, субъектларнинг ҳолати, таркиби ва иқтисодиёт тармоқлари бўйича тақсимотига аниқлик киритилади. Корхона ва ташкилотлар тўғрисидаги статистик регистрлар янгиланиб, танланма кузатувлар учун ишончли асос яратилади.

Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш якунлари
Йиғилишда давлат раҳбарига жорий йилда ўтказилган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижалари бўйича ахборот берилди.
Дастлабки натижаларга кўра, юртимизда доимий аҳоли сони 39 миллион 47 минг нафарни ташкил этди. Амалдаги ҳисобда акс этмаган 810,6 минг нафар аҳолининг яшаш манзили ва ижтимоий мақомига аниқлик киритилди.
Амалдаги маълумотлар билан солиштирганда Жиззах вилояти аҳолиси 2,7 фоиз, Наманганда 1,3 фоиз, Сурхондарёда 0,9 фоиз ва Қашқадарёда 0,7 фоиз кам экани аниқланди. Бухоро вилоятида кўрсаткич деярли ўзгармаган, бошқа ҳудудларда эса ўсган. Хусусан, Тошкент тумани аҳолиси аввалги ҳисобга нисбатан 1,6 баробар кўп, Андижон шаҳрида эса 15,8 фоиз кам экани маълум бўлди.








