2018 йил март ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Обод қишлоқ» дастури тўғрисида»ги фармони имзоланди.
Унда кенг кўламли бунёдкорлик ишларини барча ҳудудларда амалга ошириш орқали қишлоқ аҳолиси учун муносиб шароитлар яратиш ва уларнинг турмуш маданиятини янада юксалтириш, қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси ҳамда ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш ва шу асосда аҳолининг турмуш маданиятини юксалтириш ва дунёқарашини кенгайтириш асосий вазифа экани белгилаб қўйилган.
Бу фармон асосида Хоразм вилояти, Боғот тумани, Миришкор қишлоғидаги «Маънавият» маҳалласи ҳам «Обод қишлоқ» дастурига киритилди.

«Маънавият» маҳалласида 5 мингдан ортиқ аҳоли 900га яқин хонадонда яшамоқда. «Обод қишлоқ» дастури бўйича маҳаллада 712та уй-жойни таъмирлаш, 5,5 км узунликда ичимлик суви тармоғини ўтказиш, 0,7 км узунликда оқова сув иншоотларини ўрнатиш, 0,8 км узунликда электр тармоғини, 0,6 км узунликда табиий газ тармоғини ўтказиш, 3,0 км узунликдаги ички йўлларни, 2 км узунликда пиёдалар йўлакларини таъмирлаш, 3та ижтимоий соҳа, 6та маиший хизмат объектларини қуриш ва таъмирлаш, 1та кўмир омбори, 1та суюлтирилган газ шохобчасини янгидан қуриш, 300та кўча чироқларини ўрнатиш, 2,5 км узунликда гулзорлар ташкил этиш кўзда тутилган эди.
Бу ишларни молиялаштириш учун жами 7 миллиард 515 миллион сўм ажратилган.
Бироқ «Маънавият» маҳалласи аҳолисининг сўзларига кўра, режадаги ишлар тўлиқ бажарилмаган. Бунда асосий эътироз йўлларнинг абгор аҳволига қаратилмоқда.

Маҳалла йўлларининг аҳволини кўриб, «Обод қишлоқ» дастури асосида обод қилинганига ишониш қийин. Бу йўллар ёмғир-қорли мавсумда ботқоққа айланади, иссиқ-қуруқ мавсумда эса чанг-тўзон остида қолади. Маҳалла ҳудудини айланар эканмиз, дов-дарахтлар, уйларнинг томлари, автомашиналар чангга кўмилганини кузатиш мумкин. Бу йўллардан ҳар куни ишга, юмушга ўтадиган одамлар, боғчага, мактабга қатнайдиган болаларнинг аҳволига фақат ачиниш мумкин.























