Cамарқандда айни вақтга келиб 140 мингдан зиёд истеъмолчилар электр энергиясини ҳисоблашнинг мутлақо янги технологияси – электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ)га уланди.

Натижада мазкур ҳудуд истеъмолчиларида АСКУЭ тизимини жорий этилиши билан дебитор қарздорликларни ундирилиши, истеъмолчилардан электр энергияси истеъмоли тўғрисида маълумотлар олиниши ҳамда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари олди олиниши масалалари сезиларли даражада яхшиланди.

Хўш, электр энергиясини ҳисоблашнинг янги тизими олдингиларидан нимаси билан фарқ қилади?

Энг аввало, мазкур тизим тўлиқ йўлга қўйилгач, электр энергияси етказишда чеклов бўлмайди. Чунки янги лойиҳа ҳар бир ҳудуд учун электр сарфини онлайн тарзда аниқ кўриб туриш имконини беради. Шунга асосан керакли миқдорда энергия етказиб берилаверади. Электр таъминотини бир маромда бажариш йўлга қўйилади. Қайси ҳудудда кучланиш юқори, қайси ҳудудда етарли эмас, барчаси назоратга олиниб меъёрий ҳолат ушлаб турилади. Илгари эса электр сарфи тахминан белгиланиб шунинг ҳисобига узилишлар рўй берарди.

Юқоридаги онлайн назорат ўз ўрнида тизимда зўриқишлар натижасида юзага келадиган энегия йўқотишни ҳам максимал даражада пасайтиради.

Истеъмолчилар эса тўловни “click” орқали қўл телефонидан ўтказиб қўяқолади. Яъни истеъмолчилар банк ёки электр таъминоти корхоналари бориб, навбатда туриб тўлов қилишларига ҳожат қолмайди. Соҳа ходимлари ёхуд МИБ назоратчиларнинг ташрифи, ҳисоблагич кўрсатгичлари билан танишига ҳожат йўқ.

Умуман, ушбу тизимнинг энг катта қулайликларидан бири – ишда инсон омилининг ниҳоятда паст эканлигида. Иккинчидан, ҳисоблагич ўрнатилгач, тизимга уланади, код киритилиб, ҳисоб рақам очилади. Истеъмолчиларга SMS хабар орқали барча маълумотлар автоматик тарзда етказиб турилади. Мобил телефон рақамига уланиши тўловни уйдан чиқмай “online” режимида амалга ошириш имконини беради. Энг муҳими, “шахсий кабинет” орқали ҳар бир истеъмолчи қанча электр энергияси сарфлаганини кузатиб туриш имконига эга бўлади.