Сурхондарё вилояти Денов туманидан Жангил Эшқулова таҳририятимизга мурожаат йўллади.

Мурожаатга кўра, унинг 1991 йилда туғилган фарзанди Фарҳод Тошбоев армияда йигитлик бурчини ўтагач, имтиёз билан келиб Термиз давлат университетини кимё-технология йўналиши билан давлат гранти асосида ўқиб тугатган.

«Фарзандларим отадан эрта етим қолишди. Беш фарзандимдан фақат мана шу кенжатойимни ўқита олдим», деди Жангил ая Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Жангил Эшқулованинг ўзи ҳикоя қилиб беришича ва бизга тақдим этган ҳужжатларидан аён бўлмоқдаки, ўғли Ф.Тошбоев 2017 йил Денов туманидаги 75-ўрта мактабга чақириққача ёшларни тайёрлаш фанидан ўқитувчи вазифасига ишга қабул қилинади.

Маълумки, касб-ҳунар коллежларида давомат ўта пасайиб кетгани, ўқув жараёнлари издан чиқиб кетгани, бу ҳол ўқувчилар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар кўпайишига асос бўлаётгани сабабли Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барча мактабларда 10-11-синфлар қайтадан очилган эди.

75-мактабда ЧЁТ фанидан дарс бераётган Ф.Тошбоев айрим ўқувчилар Россия Федерациясига меҳнат миграциясига кетгани, айримлари дарсга муттасил келмагани учун журналда бу ҳолни қайд этиб, уларга баҳо қўймайди.

Онанинг иддаосига кўра, мактаб директори Марҳабо Турдиева Ф.Тошбоевдан дарсга келмаётган ўқувчиларнинг баҳоларини қўйиб беришни талаб қилади. Ёш ўқитувчи бунга кўнмайди. Шундан сўнг раҳбар ҳамда ўқитувчи ўртасида шахсий хусумат пайдо бўлади.

Ф.Тошбоев керакли инстанцияларга мавжуд вазият юзасидан мурожаат қилади. Мактабдаги бу ҳолат юзасидан прокуратура тақдимномасига асосан хизмат текшируви ўтказилади ва Ф.Тошбоевнинг барча важлари ўз исботини топади. Жумладан, 10-«Д» синф ўқувчилари Ф.Жалилов ва Н.Ҳасанова дарсларга мунтазам қатнашмагани, 11-«Б» синф ўқувчиси М.Қўчқоров ва 11-«А» синф ўқувчиси И.Қобилова ишлаш учун Россия Федерациясига кетгани, 10-«Б» синф ўқувчилари Ф.Бойматов ва Б.Ибрагимов дарсларда мунтазам равишда қатнашмагани аниқланган.

Мактаб директори М.Турдиевага Сурхондарё вилоят ХТБ бошлиғининг буйруғи билан «ҳайфсан» интизомий чораси кўрилади.

Шундан сўнг М.Турдиева «номутахассиссан» деган важ билан Ф.Тошбоев билан тузилган меҳнат шартномасини бузиб, уни ишдан ҳайдаш тадоригига тушган.