Ўзбекистон | 14:30 / 25.06.2019
7707
2 дақиқада ўқилади

ЕХҲТ бош котиби Ўзбекистонда очиқлик сиёсати давом этишига умид билдирди  

Бугун, 25 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги жамоаси ҳамда Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Томас Гремингер ўртасида учрашув ташкил этилди. Бу ҳақда агентлик директори Комил Алламжонов фейсбукдаги саҳифаси орқали маълум қилди.

Фото: Facebook/Комил Алламжонов

“Мулоқот давомида Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёевнинг очиқлик сиёсати, барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар, сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб бердик. Ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган икки томонлама алоқалар ҳамда манфаатли ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдик”, деб ёзади Алламжонов.

Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг Австриядаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган учрашувда жаноб Гремингер Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришлар ва янгиланишлардан хабардор эканлигини ҳамда ЕХҲТ бу ислоҳотларга нисбатан юқори баҳо беришини, шу билан бирга, журналистлар ҳам сўз масъулияти ва журналистика этикаси ҳамда қонун-қоидаларига риоя этиши лозимлигини таъкидлади. 

Фото: Facebook/Комил Алламжонов

Томас Гремингер Ўзбекистонда чет эл ахборот ресурсларига кириш имконияти берилганини юқори баҳолади. У республикадаги очиқлик сиёсати давом этишига умид билдирар экан, ЕХҲТ барча йўналишда Ўзбекистоннинг ишончли ҳамкори бўлишга тайёр эканини маълум қилди.

Мавзуга оид