Жаҳон | 15:00 / 26.06.2019
7974
1 дақиқада ўқилади

Эрон туристларни жалб этиш учун паспортга штамп қўйишни бекор қилди

Фото: Shutterstock

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний мамлакатга келган хориж фуқароларининг паспортига кириш-чиқиш штамплари қўйиш тартибини бекор қилиш тўғрисида фармон чиқарди. Бу ҳақда Tasnimnews агентлиги хабар берди.

Эрон ҳукумати бу қарор мамлакатга Америка визаси олишда муаммоларга дуч келишдан хавфсираётган туристларни жалб этишга ёрдам беришини кутмоқда.

Ўтган йили АҚШ ҳукумати паспортида айрим мамлакатлар, хусусан Эронга боргани ҳақида қайдлар бўлган сайёҳлар виза олишда муаммоларга дуч келиши мумкинлигини маълум қилганди.

Эндиликда чегарада визанинг чоп этилган нусхасини кўрсатиш кифоя ва мамлакатга кириш-чиқиш штампи виза нусхасига босилади.

Ўтган йилнинг ноябридан Эрон 190 давлат фуқароларига мамлакатда 30 кун бўлиб туриш ҳамда муддатни яна 15 кунга узайтириш имконини берувчи электрон визалар беришни бошлаган.

Нашрнинг маълумот беришича, 2018 йилда Эронга 7,8 млн хорижий турист келган бўлиб, бу аввалги йилга нисбатан 50%га кўпдир.

Мавзуга оид