Спорт | 17:07 / 29.06.2019
22358
3 дақиқада ўқилади

Фото: Эктор Купер Суперлига ўйинлари вақтида Африка Миллатлар кубоги учун экспертлик қилмоқда. ЎФА бу ҳолатга изоҳ берди

Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Эктор Купер айни пайтда Мисрда давом этаётган Африка Миллатлар кубогида эксперт сифатида иштирок этмоқда. Ушбу маълумотни ЎФА расмийлари бугун бўлиб ўтган матбуот анжуманида тасдиқлади, деб хабар бермоқда Tribuna.uz мухбири.

Суперлигада биринчи давранинг сўнгги тур ўйинлари бўлиб ўтаётган бир вақтда миллий жамоанинг бош мураббийи эътиборини бошқа бир турнирга қаратаётгани бўйича эътирозларга жавобан ассоциация вакилларининг маълум қилишича, Купер ҳозир таътилда ва унинг таътил муддатлари ўтган йили августда имзоланган шартномада белгилаб қўйилган.

«Купер Африка Миллатлар кубогида эксперт сифатида ишлаётганидан хабаримиз бор. Бу ҳақда у билан гаплашганмиз. Шартномада унинг иш тақвими тасдиқланган. Қайси пайт Тошкентда бўлади, ҳаммаси контрактда кўрсатиб ўтилган. Суперлигада иккинчи давра бошланишига Купер ҳам етиб келади», – деди ЎФА вице-президенти Равшан Эрматов.

ЎФА бош котиби Аваз Максумовнинг қўшимча қилишича, Купернинг «халқаро турнирда қатнашаётгани ҳам яхши. У ерда халқаро билимларини қайта тиклаб олади».

«Суперлигада ўйинлар бўлаётган вақтда Купернинг ўзи бўлмаса ҳам, унинг таҳлил гуруҳи ишлаяпти. Ўйинларни тақдим этиб беришади. Мураббий ўйинни шунчаки кўриб, таҳлил қилмайди. Видеоларини кўриб, гуруҳи билан таҳлил қилади.

Ҳеч қайси мураббийга, менимча, жамоасининг ютқазиши керак эмас. У ҳам ҳаракат қиляпти. Равшан акам [Эрматов] гаплашган куни Купер айтди: «Учрашув учун, яна нима қилиб беришимиз керак, деб сўраётганларинг учун раҳмат. Бўлди, биргалашиб ишлаймиз», деди», – деб маълум қилди Максумов.

ЎФА расмийларига кўра, аргентиналик мутахассис билан шартномада унинг маошини ошкор қилмаслик бўйича банд бор.

«Тузилган келишувни ҳурмат қилишимиз керак. Ўзимиздан ўзимиз бу ҳақда маълумот берсак, нотўғри бўлади», – деди Равшан Эрматов.

Эслатиб ўтамиз, Эктор Купер Ўзбекистон миллий жамоаси бошқарувига келгунга қадар 3 йил Миср миллий жамоасини бошқарган. 2017 йилги Африка Миллатлар кубогида унинг қўл остидаги мисрликлар финалгача етиб бориб, ҳал қилувчи ўйинда Камерунга 1:2 ҳисобида ютқазган эди.

Шундан сўнг Купер Мисрни 28 йил ичида илк марта Жаҳон чемпионатига олиб чиққан. ЖЧ-2018да 63 ёшли мураббий жамоаси Россия, Уругвай ва Саудия Арабистони билан бир гуруҳдан жой олиб, ҳар учала баҳсда ҳам мағлубиятга учраган эди.

Мавзуга оид