Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси йўл хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2018 йил 19 майдаги 377-сонли қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг 747-сонли “Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар” тўғрисидаги қарорини чиқарди.

Ушбу қарорга асосан 2019 йил 1 июлдан бошлаб жисмоний ва юридик шахсларнинг автотранспорт воситаларига ўрнатилган видеорегистраторлар орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ҳамда уларни тақдим этган шахсларни рағбатлантириш ишлари синов тариқасида ишга туширилди.

2019 йил 1 июлдан бошлаб жисмоний ва юридик шахсларнинг автотранспорт воситаларига ўрнатилган видеорегистраторлар орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари акс этган видеоёзувлар махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарликлар ҳолатлари қайд этилган видеоёзувларга тенглаштирилади ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувларни юборган шахслар ҳуқуқбузардан ундирилган жарима ҳисобидан энг кам ойлик иш ҳақининг беш фоизи миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувларни тақдим этган шахслар тўғрисидаги маълумотларнинг ошкор этилишига йўл қўйилмайди.

Жисмоний ва юридик шахслар видеорегистраторлар орқали йўл ҳаракати иштирокчилари (йўловчи ва пиёдалар бундан мустасно) томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатларини қайд этиши ҳамда уч иш куни ичида марказлаштирилган тизим (http://dyhxx.ejarima.uz) орқали ички ишлар органларига кўриб чиқиш учун юбориши мумкин.

Видеорегистратор орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолати тўғрисидаги видеоёзувда қуйидагилар аниқ акс эттирилиши лозим:

содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолати;

транспорт воситасининг русуми ва давлат рақами белгиси;

ҳуқуқбузарлик содир этилган сана ва вақт.

Ҳуқуқбузарлик ҳолати акс эттирилган видеоёзувларга ҳар қандай тарзда ўзгартиришлар киритиш тақиқланади.

Ўзгартириш киритилган видеоёзувлар кўриб чиқилмайди, ҳажмини қисқартириш мақсадида видеоёзувнинг бевосита ҳуқуқбузарлик ҳолати акс эттирилган қисмини кесиб олиш бундан мустасно (қоида тариқасида, видеоёзувнинг давомийлиги 120 секунддан ошмаслиги лозим).