Ички ишлар органларида хизматга номзодларни танлаб олиш тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага қўшимча ва ўзгартириш киритиш лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Лойиҳа билан ИИВ тизимидаги жамоат хавфсизлиги авиацияси мутахассисларини хизматга қабул қилиш жараёнига оид алоҳида қоидалар киритилиши назарда тутилмоқда.

Хусусан, йўриқноманинг тегишли бандидаги мутахассисликлар қаторига «юридик таъминлаш»дан кейин «жамоат хавфсизлиги авиацияси» йўналишини ҳам киритиш таклиф қилинган.

Шунингдек, жамоат хавфсизлиги авиацияси ва ахборот технологиялари бўлинмаларига хизматга кириш истагини билдирган ҳамда ушбу соҳаларда мутахассис бўлган номзодларни ўрганиш тартибига аниқлик киритилмоқда.

Таклиф этилаётган тартибга кўра, бундай номзодлар ўрганиш босқичидан антропометрик параметрлар татбиқ этилмаган ҳолда ўтади. Бунда уларнинг соғлиғи ички ишлар органларида умумий хизматга яроқлилик даражасига қўйиладиган талаблар асосида баҳоланади.

Шу тариқа, лойиҳа қабул қилинса, жамоат хавфсизлиги авиацияси ва ахборот технологиялари соҳасидаги мутахассисларни ички ишлар органларининг тегишли бўлинмаларига хизматга қабул қилишда антропометрик кўрсаткичларга оид талаблар қўлланилмайди.

Ҳужжат ҳозирча лойиҳа бўлиб, ундаги нормалар белгиланган тартибда қабул қилинганидан кейин кучга киради.