Ўзбекистонда янги ўқув йили бошланиши муносабати билан таълим муассасаларида жамоат тартиби ва хавфсизликни таъминлаш бўйича кучайтирилган чоралар кўрилади. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, 2 сентябр куни республикадаги 11 178 та умумтаълим мактабида Билимлар кунига бағишланган тантанали тадбирлар ўтказилади. Уларда жами 5 млн 800 минг нафар ўқувчи, жумладан, биринчи синфга бораётган болалар ота-оналари билан биргаликда иштирок этади.

Шунингдек, янги ўқув йилида 598 та касбий таълим муассасаси ва 73 та академик лицей ўз фаолиятини бошлайди.

Янги ўқув йили арафасида Ички ишлар вазирлигида тезкор йиғилиш ўтказилиб, таълим муассасаларида ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ҳамда турли кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди.

Йиғилишда ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатов, Миллий гвардия қўмондони Баҳодир Тошматов, фавқулодда вазиятлар вазири Азизбек Икромов ва тегишли соҳалар масъуллари иштирок этди.

Таълим муассасалари атрофида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, пиёдалар оқимини тартибга солиш, мактаблар олдида автомобилларнинг ҳаракатланиши ва тўхташини назорат қилиш бўйича зарур чоралар кўрилади.

Айниқса, биринчи синф ўқувчилари мактабга ота-оналари билан келиши ҳисобга олиниб, таълим муассасалари атрофида пиёдалар ва автотранспорт ҳаракатини хавфсиз ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилади.

Бундан ташқари, мактаб ва бошқа таълим муассасаларида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиниши, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва зарур ҳолларда тезкор ҳаракат қилишга тайёргарлик ҳолати назорат қилинади.

Масъулларга ҳар бир таълим муассасасида хавфсизлик чораларини олдиндан таъминлаш, профилактик тадбирларни кучайтириш ва аниқланган муаммоларни зудлик билан бартараф этиш бўйича топшириқлар берилган.