Ўзбекистон президентининг Адлия вазирлиги ҳузуридаги интеллектуал мулк агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори қабул қилинди.

Қарор билан Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги ижро этувчи аппаратининг янгиланган тузилмаси тасдиқланди.

Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

интеллектуал мулк соҳасида ягона давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлаш, ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари, товар белгилари ва бошқа интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш;

интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий муҳофазаси ҳолатини комплекс таҳлил қилиш, ушбу соҳасини ривожлантириш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқиш;

интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқни қўллаш амалиётини изчил ва бир хилда таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

интеллектуал мулк масалалари бўйича халқаро-ҳуқуқий ҳамкорликни, шу жумладан, интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ўзаро муҳофаза қилиш ҳақидаги халқаро шартномаларни тузиш орқали йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш;

интеллектуал мулк соҳасидаги илмий-тадқиқот ва бошқа ишларни ўтказишда иштирок этиш;

жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ва интеллектуал мулкка нисбатан ҳурмат ҳиссини шакллантириш.

Ҳужжатга мувофиқ, қуйидагилар белгилаб қўйилди: 

а) Агентлик:

интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни муҳофаза ва ҳимоя қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи ваколатли давлат бошқаруви органи;
Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг шартномалари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

б) Агентлик фаолиятига умумий раҳбарлик ва уни назорат қилиш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва Агентлик ходимларининг малакасини оширишни ташкил этиш Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилади;

в) Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари – юридик ва жисмоний шахслардан келиб тушган патент божлари ва тўловларнинг 20 фоизи миқдоридаги маблағлар, Ўзбекистон Республикасининг резидентлари – юридик ва жисмоний шахслардан келиб тушган патент божлари ва тўловларнинг 80 фоизи миқдоридаги маблағлар, электрон ҳисоблаш машиналари учун дастурлар ва маълумотлар базаларини рўйхатдан ўтказиш учун амалга оширилган тўловлар, интеллектуал мулк соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарлик учун қўлланиладиган маъмурий жарима суммалари, қонунчиликка мувофиқ пуллик хизматлар кўрсатишдан тушган маблағлар Агентликнинг бюджетдан ташқари жамғармасига белгиланган тартибда ўтказилади;