Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Маданий мерос тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.
Қайд этилишича, маданий мерос объектларини ҳисобга олиш ва муҳофаза қилишни самарали ташкил этиш мақсадида маданий мерос объектлари қуйидаги тоифаларга бўлинади:
ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий ва табиий мероси рўйхатига киритилган тарихий, илмий, меъморий, археологик бадиий ва мемориал қимматга эга бўлган халқаро аҳамиятга молик маданий мерос объектлари;
бутун мамлакат тарихи ва маданияти учун алоҳида аҳамиятга молик тарихий, илмий, меъморий, бадиий, археологик ва мемориал қимматга эга бўлган республика аҳамиятидаги маданий мерос объектлари;
вилоят, туман, шаҳар тарихи ва маданияти учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган тарихий, илмий, меъморий, бадиий, археологик ва мемориал аҳамиятга эга бўлган маҳаллий аҳамиятдаги маданий мерос объектлари.
Номоддий маданий мерос объектлари қуйидаги соҳаларда намоён бўлади:
ўзликни намоён қилишнинг оғзаки шакл ва анъаналари;
ижрочилик санъати;
жамиятнинг урф-одат, маросим ва байрамлари;
табиат ва коинот билан боғлиқ билим ва урф-одатлар;
анъанавий ҳунармандчилик билан боғлиқ билим ва кўникмалар.
ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий ва табиий мероси рўйхатига киритиш учун таклиф этилаётган маданий мерос объектлари рўйхати Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда тақдим этилади.
Республика аҳамиятидаги маданий мерос объектларининг давлат рўйхати ваколатли орган томонидан тасдиқланади.
Маҳаллий аҳамиятдаги маданий мерос объектларининг давлат рўйхати вилоят, туман, шаҳар маҳаллий ижро этувчи органлари томонидан ваколатли орган билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
Тарих ва маданият ёдгорликларини Маданий мерос объектлари деб эътироф этиш, шунингдек, ваколатли орган томонидан уларнинг мақомидан маҳрум этиш тўғрисидаги хулосани тайёрлаш учун олимлар, мутахассислар, маданият ва санъат намояндалари, ижодий уюшмалар ва бошқа жамоат бирлашмаларининг вакилларидан ташкил этилган махсус комиссия тузадилар.















