17:29 / 03.07.2019
23581

Қирғизистон собиқ президенти Атамбоевнинг тарафдорлари Бишкекда митингга чиқишди

Бишкекда Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбоевни қўллаб-қувватлаш учун бошланган митингга 500дан ортиқ киши келди. Бу ҳақда Атамбоев асос солган Қирғизистон социал-демократик партияси котибияти маълум қилди. 

"Акцияда қатнашиш учун беш юздан ортиқ киши келди ва одамлар келишда давом этмоқда", - деди котибият вакили. 

Унинг сўзларига кўра, митинг иштирокчилари собиқ президентнинг сиёсий таъқиб қилиниши тўхтатилишини ва давлат раҳбари Сооронбай Жээнбековнинг истеъфосини талаб қилишмоқчи.

Май ойида Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков собиқ президентларни дахлсизликдан маҳрум қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Унга кўра, собиқ давлат раҳбари ваколати тугагач ёки ҳукуматдан четлаштирилганидан сўнг айрим ҳолларда жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Атамбоевга қарши айбловларни махсус депутатлар комиссияси илгари сурди.

Парламентчиларнинг фикрича, Атамбоев жиноий авторитет Азиз Батукаевнинг қонунга зид равишда озод этилиши, Иссиқкўл ва Чуй вилоятларида ерларнинг ноқонуний ўзлаштирилиши, даромадларни яшириш, Бишкек ИЭС модернизацияси бўйича коррупция иши ва унга ноқонуний тарзда кўмир етказиб берилишига алоқадор.

Бош прокуратура айбловларнинг бир қисмини қўллаб-қувватлади.

Top