Янги арена 51 252 нафар томошабинга мўлжалланган бўлиб, футбол ўйинлари ва бошқа йирик спорт тадбирларини ўтказиш бўйича халқаро талаблар ҳисобга олинган ҳолда барпо этилган. Саккиз қаватли иншоот анъанавий қирғиз ўтови шаклида қурилган.
Бинонинг диаметри 280 метр, баландлиги эса 70 метрни ташкил этади. Мажмуанинг умумий майдони 194,2 минг квадрат метрга етади.
Мажмуада бевосита стадиондан ташқари, ривожланган тижорат ва кўнгилочар инфратузилма ҳам кўзда тутилган. Бу ерда 23 та ресторан, 11 та кафе, савдо маркази, супермаркет, 48 та дўкон, 18 та киоск, тўртта кинотеатр, спорт зали, болалар майдончаси ва айвонлар жойлашган. Тижорат объектлари учун қарийб 36 минг квадрат метр майдон ажратилган.
Ушбу объектлар даромад келтириб, давлат бюджетига қўшимча юк бўлмасдан, стадионни сақлаш харажатларини қоплаш имконини бериши кутилмоқда.
Дастлаб Бишкекда 30–35 минг томошабинга мўлжалланган ихчамроқ стадион қуриш режалаштирилган эди. Бироқ кейинчалик лойиҳа қайта кўриб чиқилди: сиғими 51 мингдан ортиқ ўринга кўпайтирилди, объектнинг ўзи эса йирик кўп функцияли спорт мажмуасига айлантирилди. Қурилишнинг якуний қиймати 386 миллион долларни ташкил этди.
«Бишкек Арена» аллақачон йирик тадбирларни қабул қила бошлади. 31 август куни янги стадионда VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
















