Жамият | 14:35 / 03.07.2019
34113
2 дақиқада ўқилади

Қўйлиқда «самосуд» уюштирган шахсларга нисбатан жиноий иш очилди

«Қўйлиқ» бозорида бир неча фуқаролар томонидан икки эркакнинг калтакланиши акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. Ушбу ҳолат бўйича Бектемир тумани ИИБ ходимлари томонидан текширув ўтказилди.

Тошкент шаҳар ИИББ хабарида айтилишича, ҳодиса 2 июль куни тахминан соат 16:30ларда содир бўлган. Юқорида кўрсатилган бозор сотувчилари - Қашқадарё вилоятида яшовчи, 30 ёшли С.Ш. ва Сурхондарё вилоятида туғилган, 31 ёшли А.Т. Қашқадарё вилоятида яшовчи, 35 ёшли Ж.Э.га тегишли бўлган «Кобальт» автомобили икки нафар номаълум шахс томонидан очилаётганини пайқаб қолишган.

Хабарда айтилишича, шундан сўнг С.Ш., А.Т. ва ушбу бозорнинг яна бир сотувчиси Ш.Ш. ушбу ҳодиса ҳақида ички ишлар органларига хабар бермасдан, воқеа жойида пайқалган, муқаддам судланган, Фарғона вилоятидан бўлган 40 ёшли С.Т. ва 39 ёшли А.К.га ҳужум қилишган ҳамда тан жароҳати етказишган.

Ушбу ҳолат юзасидан С., А. ва Ш.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми («Безорилик») бўйича жиноий иш қўзғатилди. С.Т. ва А.К. томонидан автомобилдан пул ўғирлашга уриниш ҳолати бўйича Жиноят кодексининг 25-моддаси (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) ва 169-моддаси 2-қисми («Ўғирлик») бўйича жиноий иш очилди. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид