«Тараққиёт стратегияси» маркази импорт бож ставкалари оширилиши - маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини заифлаштириши ҳақида мақола эълон қилди.

«2019 йилнинг 3 июль куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг импорт бож ставкаларини оптималлаштириш бўйича таклифи эълон қилинди. Унда таъкидланишича, мавжуд божхона божлари ставкалари иқтисодиётнинг реал секторини ривожлантириш учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Яъни, товарларнинг импорти фойдали бўлишига хизмат қиладиган ва ишлаб чиқариш корхоналари ўзларининг инвестицион жозибадорлигини йўқотиб, тайёр маҳсулотлар импортига йўналтирилган вазият юзага келган.

Шундан келиб чиқиб ҳамда кўплаб тадбиркорлар, ишлаб чиқарувчилар ва ишбилармонлар билан учрашувлар ва давра суҳбатлари орқали ўтказилган муҳокамалар натижаларига асосан, импорт бож ставкаларини қайта кўриб чиқиш ва оптималлаштириш бўйича ҳукумат қарори лойиҳаси қуйидаги тамойиллар асосида келишиб олинган:

- табиий хом ашё ва муҳим ижтимоий аҳамиятга эга бўлган товарлар (дон, ун, руда ва металл концентратлар) - 0 фоизлик божхона пошлинаси ставкаси;

- хом ашё товарлари; республикада ишлаб чиқарилмайдиган маҳсулотлар; ижтимоий аҳамиятга молик маҳсулотлар; охирги 3 йил ичида импорт қилинмаган маҳсулотлар - 2 фоиздан 5 фоизгача;

- табиий ва иқлим шароитларидан келиб чиқиб, ишлаб чиқарилиши самарасиз ёки иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ эмас, деб ҳисобланадиган ярим тайёр ёки тайёр маҳсулотлар, мамлакатда ишлаб чиқарилаётган ва қайта ишланаётган, аммо мавжуд талабларга жавоб бермайдиган озиқ-овқат маҳсулотлари, ишлаб чиқариш ҳажми ортиб бораётган товарлар, инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатадиган озиқ-овқат маҳсулотлари - 10 фоиздан 15 фоизгача;

- етарли миқдорда ишлаб чиқарилаётган ва экспорт қилинаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари; республикадаги истеъмол талабини қоплайдиган ҳажмда ишлаб чиқарилаётган якуний истеъмолдаги тайёр маҳсулотлар, инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатадиган ҳашамат учун истеъмол қилинадиган ва биринчи ўринда зарур ҳисобланмайдиган маҳсулотлар - 20 фоиздан 30 фоизгача.

Шу билан бирга, республикада ишлаб чиқарилмайдиган 197та товар учун бож ставкаларини пасайтириш режалаштирилмоқда. Жумладан, 89та товар позициясида - 5 фоиздан 2 фоизгача, 79тасида - 10 фоиздан 5 фоизгача, 7тасида - 20 фоиздан 2 фоизгача божхона пошлинаси туширилиши кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, бозор конъюктураси шароитларини ҳисобга олган ҳолда 2 818та товар учун божлар миқдори ўзгаришсиз қолдирилмоқда.